Чиқиндилар бўйича жамоатчилик эшитуви
Қарор ва ижро
Андижонда чиқиндиларни йиғиш, олиб чиқиш, саралаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш борасидаги ишлар юзасидан жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев иштирок этди.
Жамоатчилик эшитувида вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, тегишли бошқарма бошлиқлари, экспертлар, эколог олимлар, вилоятда чиқиндиларни олиб чиқиш, саралаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш соҳасида фаолият олиб бораётган корхона ҳамда ташкилотлар раҳбарлари, ёш экологлар қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 сентябрдаги “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди. Бу борада вилоятда олиб борилаётган ишлар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Иштирокчилар томонидан юқоридаги қарор ижросини таъминлаш, вилоятда чиқиндиларни йиғиш, саралаш, олиб чиқиш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш, чиқинди полигонларини рекультивация қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати таҳлил қилинди. Муаммо ва йўл қўйилаётган хатолар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Танқидий руҳда ўтган жамоатчилик эшитувида чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича вилоятда иш олиб бораётган корхоналар фаолиятидаги ютуқ ва муаммолар, ушбу корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига замонавий қайта ишловчи технологияларни жорий этиш ҳақида таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
– Бугунги кунда чиқиндиларни йиғиш, қайта ишлаш масаласи, бу борадаги мавжуд муаммолар барчамизни ташвишлантиради, – дейди Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати Гулбаҳор Қосимова. – Бу ҳаётимиз, саломатлигимизга бевосита боғлиқ бўлган муҳим масаладир. Ана шу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, фуқароларнинг экологик маданиятини юксалтириш, табиатга, атроф-муҳитга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш, муаммоларни бартараф этиш учун ўз вақтида зарур ишларни олиб боришимиз лозим.
Жамоатчилик эшитуви давомида мавзу доирасидаги ишларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш, янада юқори босқичга кўтариш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири