Чиқиндидан қарздорлик: Муаммони қандай ҳал қилиш мумкин?
Бугунги кунда кўплаб фуқаролар уй-жойда рўйхатда турган аҳоли сони билан боғлиқ ноаниқликлар сабаб коммунал хизматлар бўйича ортиқча қарздорлик юзага келаётганидан норози.
Айниқса, чиқиндиларни олиб кетиш хизматида абонентлар сонининг нотўғри ҳисобланиши ортиқча тўловларга сабаб бўлмоқда. Шу боис, бундай ҳолатларда маълумотларни аниқлаштириш тартиби муҳим аҳамият касб этади.
Хўш, хонадондаги ортиқча аҳоли сони туфайли юзага келган қарздорликни қандай аниқлаштириш мумкин?
Мазкур савол юзасидан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги бош мутахассиси Улуғбек Омонов қуйидаги маълумотларни тақдим этди.
— Бугунги кунда “Тоза макон” ягона биллинг тизими бир қатор давлат идоралари билан интеграция қилинган. Жумладан, ички ишлар органларининг доимий ва вақтинча рўйхатда турувчилар тўғрисидаги маълумотларини онлайн кўриш имконияти мавжуд.
Абонентлар сонига ўзгартириш киритиш бўйича мурожаат қилинганда Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базаси орқали доимий ва вақтинча рўйхатда турувчилар онлайн тарзда текширилади. Агар мазкур базага ўзгартириш киритилган бўлса, у ҳолда “Тоза макон” тизимидаги маълумотлар билан автоматик равишда мослаштирилади.
Шу тариқа, фуқаролар ўз вақтида тегишли идораларга мурожаат қилиш орқали ортиқча ҳисобланган қарздорликни бартараф этишлари мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА