Чиптасиз йўловчиларга қарийб 2 миллиард сўм жарима қўлланилди
Тошкентда жорий йил бошидан буён чиптасиз ҳаракатланган 79,6 мингдан ортиқ йўловчига нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.
Жамоат транспорти тизимининг барқарор ва узлуксиз фаолият юритиши кўп жиҳатдан йўлкира тушумларига боғлиқ. Ҳар бир йўловчининг белгиланган тартибда ва ўз вақтида йўл ҳақини тўлаши автобуслар ҳаракатининг мунтазамлигини таъминлаш, хизмат сифати ва йўловчилар учун яратилаётган қулайликларни янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда “Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш” давлат муассасаси назоратчилари томонидан жамоат транспортида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган мунтазам назорат-рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида автобусларда чиптасиз ҳаракатланган йўловчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 144-моддаси 5-қисмига асосан 79 минг 618 та маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Қонунчиликка мувофиқ, ҳар бир ҳуқуқбузарга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисми, яъни 41 минг 200 сўм миқдорида жарима белгиланган. Натижада йил бошидан буён чиптасиз ҳаракатланган йўловчилардан ундирилган жарималарнинг умумий миқдори қарийб 2 миллиард сўмни ташкил этди.
Мутахассислар таъкидлашича, ҳар бир тўланган йўл ҳақи жамоат транспорти тизимини янада ривожлантириш, автобуслар сонини кўпайтириш, ҳаракат мунтазамлигини таъминлаш ва хизмат сифатини оширишга хизмат қилади. Шу боис, йўловчилардан электрон тўлов воситалари ёки мавжуд тартиб асосида йўл ҳақини ўз вақтида тўлаш, транспортдан фойдаланиш маданиятига амал қилиш сўралмоқда.
Эслатиб ўтамиз, йўл ҳақини вақтида тўлаш — жарима тўлашдан кўра манфаатлироқ. Ҳар бир тўланган йўл ҳақи жамоат транспорти ривожига қўшилган муносиб ҳисса.
Ш.Маматуропова,
ЎзА