Чингиз Aйтматовнинг сўнгги иқрорлари
Ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари ЎзАда жаҳон адабиётининг буюк вакили Чингиз Айтматов ва япон мутафаккир-адиби Икэда Дайсакунинг турли мавзулардаги суҳбатини эътиборингизга ҳавола этиб борамиз. Суҳбат Чингиз Айтматовнинг «Буюк руҳ қасидаси» номли китобидан таржима қилинган...
(Давоми. Олдинги қисми 14 августда эълон қилинган)
“Манас” ва “Таира уйи афсонаси”Икэда: – Қадимги Юнонистон театри, Шекспир театри сингари, саҳнанинг томошабинларга яқинлиги билан ажралиб туриши бежиз эмас, бу томошабиннинг драматик воқеага аралашувини сезиларли даражада осонлаштирган. Бундай шароитда актёрлар ва томошабинлар – ёзувчи ва ўқувчидан ҳам кўра кўпроқ, – худди бир дунё ичра яшар, бир қувонч ва қайғуни бошдан кечирар эдилар. Уларнинг бир-бирларидан маънавий девор билан ажратилмаган юраклари жўр бўлиб янграган ва бу қалбнинг энг нозик торларига тегиб, жонли боғланишга имкон туғдирган. Афсуски, замонавий жамият ривожланган сари бундай туйғулар камайиб бораяпти. Фикримча, биз санъатнинг азалий ўзига хос таъсирининг сусайиши, ва айниқса, йўқолиб кетишига йўл қўймаслигимиз керак. Сиз бу ҳақида нима деб ўйлайсиз?
Ч.Айтматов: – Бевосита алоқа, “майдон” ва санъатнинг биргаликдаги ҳаракати – бу демократик маданиятнинг ўзига хос тури. Ривоятлар, достонлар, кўчма театрлар, шеърий мушоиралар – бадиҳагўй-бахшилар ва шоирлар беллашуви – буларнинг барчаси биргаликда халқ санъатининг табиати ва моҳиятини ўзида мужассам этади. Чуқур миллий мазмуни билан ўзининг маънавий умуминсоний қийматига эга ана шулар, афсуски, ҳали яқин вақтгача бизнинг расмий синфий мафкурамиз томонидан феодал-патриархал онг маҳсули сифатида эълон қилинган, янги социолистик маданиятнинг душмани деб билинган ва шунинг учун қувғинга, барҳам беришга ва ҳоказоларга лойиқ кўрилган. Ва иложи бўлса, таг-томири билан йўқ қилинган бўларди. Ҳа, масаланинг моҳияти шундаки, эпос халқ юрагининг энг чуқур – суғуриб олиб бўлмайдиган ерларида сақланиб қолди. Ҳайратланарли бадиий ҳодиса! Эпос-уммон оғиздан оғизга, авлоддан авлодга, асрдан асрга ўтиб келди. Бундай уммон бир одамнинг хотирасида сақланиб қолиши мумкинми? Мумкин экан. Мен таниқли ва бетакрор оқин Саякбой Каралаев билан узоқ йиллар мулоқот қилганман. У уммонмонанд “Манас”нинг миллион мисрасини биларди.Ижозатингиз билан гувоҳлик бахтига муяссар бўлганим бир воқеани айтиб берсам. Нимагадир Қоралаев билан бирга Чуй водийсидаги колхозлардан бирига боришимга тўғри келди. Машҳур манасчи келгани ҳақидаги хабар кўз очиб юмгунча бутун қишлоққа ва қўшни овулларга ҳам тарқалди. Ҳар томондан одамлар оқиб кела бошлади. Қоралаевни тинглашни истаганлар шунчалик кўп эдики, колхоз клуби уларни сиғдира олмади. Шунда Қоралаев кўчага отланди. Унга тепаликка стул қўйиб беришди, томошабинлар эса атрофига жойлашдилар. Ва кутилмаганда момақалдироқ гумбурлади. Даҳшатли ёмғир ёға бошлади. Қоралаев ўз чиқишларини тўхтатмади ва бирор киши жойидан жилмади. Одамлар шаррос ёмғир остида “Манас”ни тинглашарди. Улар бутун вужуди билан достон қўшиқларига сингиб кетишган эди. Мен буни ҳеч қачон унутмайман. Ақл бовар қилмас, имконсиздай кўринган бу воқеани қандай изоҳлаш мумкин? Халқнинг тарихини, унинг дунё ҳақидаги тушунчасини ўзида мужассам этган қадимий достонни тинглар экан, одамлар нафақат ўз ўтмишини ёд этдилар, балки бугунини ҳам яхшироқ таниб олдилар.
Икэда: – Ҳикоянгиз мени япониялик буддист роҳиб-бахшиларни эслашга мажбур қилди. Одатда бу роҳибларнинг кўзи ожиз бўларди. Қадимги Хитойдан кириб келган бива номли торли мусиқа асбобини ўзларига жўр қилиб, эпик достонлар куйлашарди. Х асрдаёқ кенг тарқалган ушбу жанр, орадан уч аср ўтиб янаям кўпроқ оммалашди. У, айниқса, “Хайк моногатари”нинг энг йирик эпик достони “Таира уйи ҳақидаги эртак” туфайли машҳур бўлди. Ушбу достон марказида самурайлар синфининг бошида турган ва ўша пайтда таъсири беҳад шиддатли бўлган Таира наслининг тақдири ётади. Бу, узоқ вақтлар давомида турли ривоятлар қўшилиб, охир-оқибат олти жилддан бир неча ўнлаб жилдларгача ўсган ниҳоятда кенг тарихий достон. Кўзи ожиз буддист роҳиблар бу достонни бутун Япония бўйлаб куйладилар. Илгари япон адабиётининг равнақи асосан Хайан даври асилзодалари вакиллари ижоди билан боғлиқ бўлган. Ўша пайтларда адабиётчи ҳам, адабиёт мухлиси ҳам асилзодаларнинг ўзлари эди. “Таира уйи ҳақидаги эртак”ка келсак, сайёр роҳиблар шарофати билан япон адабиётига асилзода бўлмаган ижтимоий қатламлардан ёзувчилар кириб келишди. Куйловчи атрофида тўпланган тингловчилар орасида эса жамиятнинг турли табақалари вакиллари – самурайлардан тортиб энг оддий одамларгача бор эди. Роҳиблар ижросидаги “Достон...”нинг ўзига хос шеърий вазни биванинг шиддатли садоси остида тингловчилар қалбига чуқур кириб борди. Менимча, ўрта аср роҳиб-бахшиларининг чиқишлари билан боғлиқ барча шарт-шароитлар, сиз айтиб ўтган – санъат билан халқ ўртасида “майдондаги” бевосита алоқаларда акс этади. Ўша ўрта асрларда кўп бандли достон – хайку равнақ топди. Одатда, қатор муаллифлар бир жойга тўпланиб, кимўзарга шеър битишган. Баъзан шунинг натижасида кўп бандли достон яралган. Барча хусусиятларига кўра, моҳиятан, у жамоавий ижод бўлган. Ва бу ерда ҳам, ўйлашимча, биргаликдаги ҳаракат – “майдон” ва санъатнинг бевосита алоқаси ҳақида гапириш мумкин. Бу “майдонда” табиат ҳаммасидан кўпроқ вазифа бажарган. Японлар, масалан, сакура остида йиғилишни хуш кўрган.Таассуфки, бизнинг давримизга келиб Японияда бундай санъат анъаналари бутунлай йўқолиб кетган. Алоқа воситалари шитоб билан ривожланаяпти, шунга кўра одамлар техник жиҳатдан бир-бирлари билан кўпроқ боғланаётгандай. Шу билан бирга, руҳий томондан бунинг акси, тобора бегоналашиб кетмоқда.
(Давоми бор)
Рус тилидан ОЙДИННИСО таржимаси