Чимбойлик тадбиркор фаолияти ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров Чимбой туманидаги ҳунарманд-қора уй устаси Азамат Турекеенинг “Қора уй” қуриш устахонасида бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 апрелдаги “Ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳада лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мазкур “Қора уй” устахонасини “Tourist friendly” тизими асосида қайта ташкил этиш белгиланган. Бу ерда таъмирлаш ишлари амалга оширилади ва янги қўшимча туристик маҳсулотлар, овқатланиш хизмати, сувенир дўкони, маҳорат дарслари жорий этилади ва маҳаллада устоз-шогирд анъаналари давом эттирилади.

Ташриф давомида сайёҳлар учун ташкил этилган меҳмонхона ҳамда 300 га яқин қадимий қорақалпоқ миллий-тарихий буюми жамланган уй-музейи кўздан кечирилди. Мазкур масканда қорақалпоқ халқининг турмуш тарзи, миллий қадриятлари, ҳунармандчилиги ва этнографик мероси ўзига хос тарзда намоён этилаётгани қайд этилди.

Учрашувда ушбу масканни Қорақалпоқ миллий ҳаёти ва этнографиясига асосланган этнотуризм объекти сифатида янада ривожлантириш, уй-музейи фаолиятини ва сайёҳлар учун хизматлар кўламини кенгайтириш, миллий ҳунармандчилик намуналарини кенг тарғиб қилиш ҳамда тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, “Қора уй” анъаналарини ёш авлодга етказиш, ҳунарманднинг тажрибасини оммалаштириш ва ушбу йўналишда янги туристик имкониятларни яратиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Партия раҳбари, шунингдек, Кегейли ва Мўйноқ туманларида ҳам бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири