Чимбой ва Тахиатошда мактаб, Берунийда боғча фойдаланишга топширилди
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида Чимбой тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 47-сонли умумий ўрта таълим мактаби, Тахиатош туманидаги “Ойдин йўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 23-сонли умумий ўрта таълим мактаби, Беруний тумани Абай овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 60-сонли мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
“Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 47-сонли умумий ўрта таълим мактаби 330 ўринга мўлжалланган. Қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 13 миллиард 450 миллион сўм маблағ ажратилди.

Замонавий ва барча зарур шароитларга эга бўлган янги мактабда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва педагоглар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Тахиатош туманида яна бир қувончли воқеа - янги таълим даргоҳи ўз эшикларини очди.

“Ойдин йўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 23-сонли умумий ўрта таълим мактаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18-сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 176 ўринга мўлжалланган бўлиб, унинг қурилиш-таъмирлаш ишларига 8 миллиард 496 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Замонавий шароитларга эга янги мактаб эндиликда ҳудуддаги ўқувчилар учун сифатли таълим олиш ва ўз иқтидорини намоён этиш имкониятларини янада кенгайтиради.
Беруний тумани Абай овули фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 60-сонли мактабгача таълим ташкилоти Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт фонди дастури доирасида қишлоқ ҳудудларда яшовчи болалар учун қулай ва замонавий шароитлар яратиш мақсадида барпо этилди.

90 ўринли янги мактабгача таълим ташкилоти замонавий талабларга жавоб берадиган шароитлар билан таъминланди. Қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун жами 4 миллиард 900 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Янги таълим муассасасининг фойдаланишга топширилиши ҳудуддаги болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун янада кенг имкониятлар яратади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири