Чилонзорда профилактика ишлари натижасида жиноятчилик камаймоқда
25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни. Бу сана халқимизнинг осойишталиги йўлида кунни тунга, тунни тонгга улаб хизмат қилаётган фидойи ходимларнинг касб байрами.
Бундай саналар шунчаки байрам қилинмайди, балки соҳа ходимларининг хизмат давомида эришаётган ютуқлари тилга олинади, сарҳисоб қилинади.
Президентимизнинг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ички ишлар органлари ходимлари изчил ишларни амалга оширди.
– Қарор ижроси доирасида Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида хавфсиз муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва аҳоли муаммоларини манзилли ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда, – дейди ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова. – Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида туманда олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 21 фоизга, ушбу тоифадаги оғир жиноятлар эса 34 фоизга камайди.
Туманда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, профилактика инспекторлари фаолиятини рақамлаштириш, аҳоли билан бевосита мулоқотни кучайтириш ва ижтимоий профилактика механизмларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, профилактика инспекторларининг ортиқча ҳужжатбозлик билан боғлиқ вазифалари қисқартирилиб, маъмурий иш материалларини судга электрон шаклда юбориш амалиёти йўлга қўйилди. Бу эса ходимларнинг асосий вақтини маҳаллалардаги криминоген вазиятни ўрганиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқаролар билан манзилли ишлашга йўналтириш имконини кенгайтирди.

Тунги вақтда жамоат тартибини сақлаш чоралари кучайтирилиб, патруллик йўналишларига Жамоат хавфсизлиги университети курсантлари жалб этилди. Аҳоли ва профилактика инспекторлари ўртасидаги тезкор мулоқотни таъминлаш мақсадида «Менинг инспекторим» мобил иловасидан фойдаланиш кўлами кенгайтирилди.
Профилактика ишларида ижтимоий ёндашув устувор аҳамият касб этмоқда. Эндиликда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш фақат назорат тадбирлари билан чекланиб қолмаяпти. Аҳолининг ижтимоий муаммоларини аниқлаш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, оилавий низоларни бартараф этиш ва ёрдамга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳам профилактика ишларининг муҳим қисмига айланган.
Жумладан, маҳаллаларда олиб борилган манзилли ишлар натижасида ўнлаб низоли оилаларда муроса таъминланиб, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар яраштирилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга тиббий ва моддий ёрдам кўрсатиш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам тегишли чоралар кўрилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам ижтимоий профилактиканинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. «Маҳалла еттилиги» ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларни доимий иш ўринларига жойлаштириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
Жорий йилнинг тўққиз ойида 5,8 мингдан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланиб, туманда ишсизлик даражаси 3,1 фоизгача пасайди.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантиришда замонавий техник воситалардан фойдаланиш ҳам кенгайтирилмоқда. Хонадонлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини техник қўриқловга олиш, фуқароларнинг мобил телефонларига тезкор ташвиш тугмаси иловаларини ўрнатиш орқали хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.
Хонадонбай ўрганишлар давомида аҳолини қийнаётган коммунал ва ижтимоий муаммолар аниқланиб, уларни ҳал этиш бўйича масъул ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Хусусан, «Халқ назорати» платформаси орқали келиб тушган 5,5 мингдан ортиқ мурожаатнинг 91 фоизи ижобий ҳал этилган.
Профилактика инспекторлари ва аҳоли ўртасидаги ҳамкорликнинг кучайиши, мурожаатларни жойида кўриб чиқиш амалиётининг кенгайиши фуқароларнинг «102» хизматига мурожаатлари камайиши билан ҳам бир вақтга тўғри келмоқда. Тўққиз ойлик натижаларга кўра, мазкур хизматга келиб тушган мурожаатлар сони 15,7 фоизга қисқарган.
Умуман, Чилонзор туманида амалга оширилаётган ишлар жамоат хавфсизлигини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳалла тузилмалари ва ижтимоий соҳа вакилларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этишини кўрсатмоқда.
Энг муҳими, профилактика ишларида ҳуқуқбузарлик содир этилганидан кейин чора кўришдан кўра, уни келтириб чиқариши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этишга эътибор кучайтирилди. Бу эса маҳаллаларда осойишталикни мустаҳкамлаш, аҳолининг хавфсизликка бўлган ишончини ошириш ва барқарор ижтимоий муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА