Чигит экиш қизғин давом этмоқда
Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида пахтачиликда янги мавсумга пухта тайёргарлик ва замонавий ёндашувлар асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараён нафақат аграр соҳадаги ислоҳотларнинг амалий ифодаси, балки фермерлар дунёқараши ва меҳнат маданиятидаги янгиланишларни ҳам яққол намоён этмоқда.
Жорий йилда тумандаги 377 нафар фермер томонидан 13 минг гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган бўлиб, бу жараён замонавий “76 схемаси” асосида қўшқатор усулда ташкил этилмоқда. Ўтган йилларда ўз самарасини берган мазкур агротехнология бу йил ҳам ҳосилдорликни оширишда муҳим омил бўлиши кутилмоқда. Деҳқонлар ҳар гектардан ўртача 54 центнердан ҳосил олиб, умумий ҳисобда эса 70 минг тонна пахта етиштиришни мақсад қилишган.
Тумандаги фермер хўжаликларида мавсумга киришиш бир вақтнинг ўзида ҳам ташкилий, ҳам маънавий жиҳатдан пухта ташкил этилмоқда. Умрзоқ Маматқулов фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасига қарашли “Қамбар Шароф” фермер хўжалигида ер тайёрлаш ишлари сифатли бажарилиб, чигит экишга жадал киришилди. Тойир Умурзоқов бошчилигидаги жамоа 102 гектар майдонда деҳқончилик қилиб, унинг 44 гектарида пахта экиш ишларини бошлаб юборди.
[gallery-28592]
Айни пайтда, Хўжам Исроилов фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасига қарашли “Завқли ҳосил” фермер хўжалигида ҳам мавсумга уюшқоқлик билан киришилди. Миллий қадриятларга хос тарзда, чигит экиш арафасида эзгу ниятлар қилиниб, дуолар ўқилди.
“Жиззах остонаси” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасига қарашли “Алмамат Боймирзаев” фермер хўжалигида эса агротехник талабларга қатъий риоя этилган ҳолда чигит экиш ишлари изчил давом этмоқда. Ерни тайёрлашдан тортиб, экиш жараёнигача бўлган барча босқичларда сифат ва самарадорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, тумандаги ушбу учта фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаларида олиб борилаётган ишлар ўзаро уйғунликда, ягона мақсад — юқори ҳосилдорлик ва иқтисодий самарадорликка эришишга қаратилган. Илғор технологиялар, меҳнат анъаналари ва ташкилий интизомнинг бирлашуви эса кутилган натижаларга мустаҳкам замин яратмоқда.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари