Чехия Ўзбекистоннинг Европага очилган муҳим дарвозаси саналади
Ташрифдан сўнг...
Чехия дунё саноат харитасида муҳим ўринга эга давлатлардан бири ҳисобланади. Уларнинг техникаси ёки технологияси кириб борган корхонада сифат ва аниқлик биринчи ўринга чиқади. Бугун Ўзбекистон ўз саноатини модернизация қилар экан, бизга айнан мана шундай муҳандислик маданияти ривожланган шериклар зарур.
Янги Ўзбекистоннинг очиқлик ва фаол дипломатия сиёсати туфайли бугун дунёнинг энг илғор мамлакатлари билан алоқаларимиз янги мазмун касб этмоқда. Мамлакатларимиз масофа жиҳатидан узоқ. Лекин мақсад ва интилишлар жиҳатидан яқинмиз. Чехия Республикаси билан ҳамкорлигимиз бугун шунчаки олди-сотди эмас, балки юқори технологияларга асосланган аҳамиятли шерикликка айланмоқда.
Марказий Европанинг иқтисодий “драйвери” бўлган Чехия билан ўрнатилаётган алоқалар юртимиз маҳсулотлари учун Европа Иттифоқи бозорларига чиқишда мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қилади.
Кўксарой қароргоҳида 30 апрель куни бўлиб ўтган расмий кутиб олиш маросими ва олий даражадаги музокаралар ушбу улуғвор мақсадларнинг амалий ифодаси бўлди. Икки мамлакат етакчиларининг самимий мулоқоти ва имзоланган салмоқли ҳужжатлар тўплами Ўзбекистон – Чехия муносабатларида сифат жиҳатидан бутунлай янги давр бошланганини кўрсатди.
Ташрифнинг амалий натижалари ва стратегик аҳамияти ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги Шартнома-ҳуқуқ бошқармаси бошлиғи Амир СУЛТОНОВ билан суҳбатлашдик.
– Музокаралардан сўнг имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз муносабатларининг эртанги кунига қандай таъсир кўрсатади?
– Биласизми, бу ҳужжатлар икки давлат ўртасидаги ўзаро ишончнинг юқори нуқтасини ифода этади. Бу муносабатларимизни “шунчаки ҳамкорлик” босқичидан янги даражага олиб чиқиш учун сиёсий кафолат бўлади. Бу ерда асосий урғу барқарорлик ва прогноз қилиш мумкин бўлган шерикликка қаратилган.
Масалан, стандартлаштириш ва метрология соҳасидаги келишувни олсак. Буни бизнинг миллий маҳсулотларимиз учун Европа бозорига бериладиган “технологик паспорт” деб аташ мумкин. Биз фақат хориждан товар олиб кириш эмас, балки маҳаллий брендларимизни Европа Иттифоқининг қатъий талабларига мослаштириш орқали экспорт географиясини кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Бу иқтисодий суверенитетимизни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
– Ташриф доирасида “Skoda” компанияси билан эришилган келишув ва тоғ-кон соҳасидаги ҳужжатлар алоҳида тилга олинди.
– Бу ерда гап фақат электропоезд сотиб олиш ҳақида кетмаяпти. Бунда истеъмолчиликдан шерикликка ўтишга ҳам аҳамият берилади. Вақт ўтиши билан юқори технологияли эҳтиёт қисмлар ўзимизда тайёрланиши, янги муҳандислар авлоди шаклланиши каби жиҳатлар ҳам аҳамиятли.
Тоғ-кон саноатидаги ҳамкорлик эса Ўзбекистоннинг хом ашё базасини Чехиянинг инновацион технологиялари билан бирлаштириш имконини беради. Бизга фақат техника эмас, балки ер ости бойликларини атроф-муҳитга зарар етказмасдан, “яшил” технологиялар асосида қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш маданияти керак. Бу мамлакатнинг саноат салоҳиятини трансформация қилиш, хом ашё экспорт қилувчи давлатдан юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқарувчи иқтисодиётга айланиш сиёсатимиз учун муҳим. Хуллас, ҳар бир ҳужжат иқтисодий мустақиллик ва халқимиз учун сифатли ҳаёт даражасини таъминлашга қаратилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатларимиз ўртасидаги масофани дипломатик изчиллик ва ўзаро манфаатли лойиҳалар янада яқинлаштирди. Имзоланган ҳужжатлар яқин саноатимиздаги инновация ва иқтисодиётимиздаги барқарор ўсиш суръатларида ўз ифодасини топаверади.
ЎзА мухбири Икром АВВАЛБОЕВ суҳбатлашди.