Чет элда ҳурматга сазовор, бироқ ўз юртида танқидга учраган етакчилар
Халқаро сиёсат майдонида қизиқ ҳолат кўп кузатилмоқда: чет элда ислоҳотчи ва узоқни кўра оладиган лидер сифатида баҳоланадиган раҳбарлар, ўз мамлакатида ишончсизлик ва норозиликка дуч келмоқда. Euronews нашри бунга бир нечта мисоллар келтирди.
Жаҳон сиёсатида шундай қонуният бор: етакчи халқаро майдонда қанчалик фаол бўлса, давлатни ўзгартиришга қанчалик қаттиқ киришса, у шунчалик ўз мамлакатида оммавий қўллаб-қувватловни йўқота бошлайди.
Чет элда уларни узоқни кўра биладиган раҳбар, ислоҳотчи, келажакни қуришга ҳаракат қилаётган инсон деб кўришади. Лекин, ўз халқи кўпинча уларни қийинчилик олиб келаётган, одатий ҳаётни бузган, сабр ва қурбонлик талаб қилаётган раҳбар сифатида қабул қилади.
Шу тариқа ташқи эътироф ва ички норозиликўртасида катта фарқ пайдо бўлади, бу эса замонавий сиёсатнинг асосий хусусиятларидан бирига айланган.
Францияда бу ҳолатни Эммануэль Макрон мисолида кўриш мумкин. Чет элда уни Европани модернизация қилишга ҳаракат қилаётган етакчи сифатида кўришади. У Европа хавфсизлигини кучайтириш, иқтисодни ислоҳ қилиш ва иқлим масалаларида фаол.
Масалан, Еревандаги саммитда Макрон жуда илиқ кутиб олинди, унинг ташрифи Арманистонни қўллаб-қувватлаш рамзи бўлди, дейиш мумкин.
Аммо, Франция ичида унинг сиёсатлари негадир норозилик, адолатсизлик ҳисси ва ишончсизликка сабаб бўлмоқда. Лекин, халқаро ҳамкорлари унинг ишларини Европа келажаги учун муҳим деб билади. Француз жамияти азалдан ижтимоий тизимни ўзгартиришга одатда оғриқли муносабат билдиради.
Арманистонда Никол Пашинян оғир даврда мамлакатни бошқараётган раҳбар сифатида баҳоланади. У демократия, армия ислоҳоти, Европа билан яқинлашув ва Озарбайжон билан тинчликка эришишга ҳаракат қилмоқда.
Лекин, мамлакат ичида бу сиёсатларга кучли қаршилик бор. Бунда Россияга яқин бўлган эски элиталар катта рол ўйнайди. Улар бизнес, ОАВ вадавлат тизимларида ҳали ҳам таъсирга эга ва жамоатчилик фикрини шакллантиришга ҳаракат қилади. Натижада Европа томонга ташланган қадамлар “хиёнат”, тинчлик ташаббуслари эса “таслим бўлиш” деб қабул қилинади.
Бу ҳолат бошқа давлатларда ҳам кузатилган. Масалан, Германияда Ангела Меркель миграция сиёсати туфайли чет элда ҳурмат қозонди, лекин мамлакат ичида танқидга учради. Буюк Британияда Тони Блэр халқаро дипломатияда ҳурмат қозонган бўлса, Ироқ уруши сабаб “ўз уйида” ишончни йўқотди.
Грузияда Михаил Саакашвили мисолида кескин ислоҳотлар қилиш халқаро эътирофга олиб келиш билан бирга, мамлакат ичкарисида кучли норозиликлар келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатди. Кейинчалик сиёсий ва молиявий алоқалари Москва билан яқин бўлган Бидзина Иванишвили таъсирида Грузия сиёсати Россияга яқинлашди ва жамиятда бўлинишни кучайтирди.
Канада бош вазири Жастин Трюдо чет элда либерал ислоҳотлар, иқлим сиёсати ва кўп маданиятлилик тарафдори сифатида танилди. Аммо Канада ичида иқтисодий муаммолар, сиёсий жанжаллар ва айрим ҳудудлар норозилиги сабаб унинг обрўси пасайган.
Масалан, Жанубий Корея, Италия ва Украина мисоллари ҳам шуни кўрсатади. Чунки, ислоҳотлар ҳар доим оғриқли бўлади, таъсирли қатлам эса ўз манфаатини ҳимоя қилиш учун норозиликни кучайтиради.
Шу сабабли чет элда “жасур ислоҳотчи” деб баҳоланган лидер, ўз мамлакат ичида танқидга учрайди. Чунки, чет давлатлар кузатувчи сифатида узоқ муддатли режа натижаларини кўради, халқ эса “ўз танасида” унинг нархини ҳис қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/aYRAafvNIAs" title="Chet elda hurmatga sazovor, biroq o`z yurtida tanqidga uchragan etakchilar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов, ЎзА