Чемпионлар тақдирланди
Самарқандда халқаро спорт мусобақалари, жаҳон ва Осиё биринчиликларида муваффақиятли иштирок этиб, вилоят шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчиларни тақдирлаш маросими ўтказилди.
Вилоят ҳокими А.Бобоев самарқандлик спортчиларнинг мамлакатимиз ва халқаро миқёсда ўтказилаётган мусобақалардаги фаол иштирокини эътироф этиб, яратилган имкониятлардан самарали фойдаланаётган вакилларимиз юқори натижаларга эришаётганини таъкидлади.
Хусусан, ўтган йил Озарбайжонда ўтказилган III МДҲ давлатлари халқаро спорт ўйинларида самарқандлик спортчилар битта олтин, битта кумуш ва бешта бронза медаллари билан тақдирланган бўлса, Баҳрайн мезбонлигидаги III ёшлар Осиё ўйинларида вакилларимиз иккита олтин, иккита кумуш ва учта бронза медалларига сазовор бўлиб, мамлакатимиз медаллар жамланмасига салмоқли ҳисса қўшди. Шунингдек, Саудия Арабистонида ташкил этилган VI Ислом бирдамлиги ўйинларида олти нафар ҳамда Бирлашган Араб Амирликларидаги V пара Осиё ўйинларида 7 нафар самарқандлик маҳоратли атлетларимиз ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олди.
[gallery-30080]
Спортчиларимиз дзюдо, бокс, бадиий гимнастика, енгил атлетика, шахмат, велоспорт ва параспорт турлари бўйича жаҳон ҳамда Осиё чемпионатларида шоҳсупага кўтарилди.
Вилоят ҳокими ушбу нуфузли турнирларда муваффақиятли қатнашганлар ҳамда 2028 йил Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган 100 нафарга яқин спортчиларни маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантириб, уларга пул мукофотларини топширди.
Тадбирда вилоят спорти мутасаддилари, федерациялар раҳбарлари ва мураббийлар, спортчилар сўзга чиқиб, жорий йилги ва келгуси йилларда ўтказилиши режалаштирилган халқаро мусобақаларга тайёргарлик жараёнлари, бу борада эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари