Чекка ҳудуддаги мактаб оталиққа олинди
Ички ишлар вазирлиги академияси ташаббуси билан Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги 41-сонли умумтаълим мактаби оталиққа олинди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутасаддилари, 3-сектор вакиллари, маҳалла фаоллари, ўқитувчи-мураббийлар ва ўқувчилар иштирок этди.

Айтиш жоизки, кейинги йилларда мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан тизимда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар етук ва баркамол авлодларни вояга етказишда муҳим пойдевор бўлмоқда. Юртимизнинг турли гўшаларида замонавий мактабларнинг барпо этилаётгани, ўқув масканлари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очиб бермоқда.

Тадбирда сўз олганлар масканнинг оталиққа олингани ёшлар келажаги йўлида қўйилган хайрли қадам бўлганини таъкидлаб ўтди. Шу куни мактаб кутубхонасига миллий ва жаҳон адабиётига оид энг яхши китоблар топширилди. Ўқувчи ёшларга спорт анжомлари ва кийимлари туҳфа қилинди. “Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз!” шиори остида ташкил этилган “Заковат” беллашуви, миллий халқ ўйинлари ва спорт мусобақалари ёшларнинг юртга садоқат, мардлик, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини юксалтиришга хизмат қилди.


ИИВ академияси Ахборот хизмати