Чекка ҳудуддаги ислоҳотлар партия раҳбари нигоҳида
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Бўзатов туманидаги “Қусханатау” овул фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги” аъзолари билан учрашди.
Унда туман партия кенгаши вакиллари, депутатлар, “маҳалла еттилиги” вакиллари ва ҳудуд аҳолиси иштирок этди. Учрашувда маҳаллада аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилалар билан манзилли ишлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш, шунингдек, ҳудудда мавжуд ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида “маҳалла еттилиги” томонидан олиб борилаётган фаолият самарадорлиги, давлат органлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув давомида “маҳалла еттилиги” вакиллари ва депутатлар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан ўзларининг таклифларини билдирди.

Учрашув якунида аҳоли фаровонлигини юксалтириш, маҳаллаларда тизимли ишларни янада кучайтириш ҳамда ижтимоий муаммоларга ўз вақтида ечим топиш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.
Партия фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов туман марказида фаолият юритаётган “BULTEX PRO” текстиль корхонаси фаолияти ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида корхонада меҳнат қилаётган хотин-қизлар учун яратилган меҳнат шароитларини кўздан кечириб, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади. Айниқса, хавфсиз ва қулай меҳнат муҳити ҳамда замонавий ишлаб чиқариш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, меҳнат жамоаси билан мулоқот ўтказилиб, ишчиларнинг фикр ва таклифлари эшитилди ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга доир устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Партия раҳбари Улуғбек Иноятов давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан туманда фаолият юритаётган “Бўзатов санаторияси”да ҳам бўлди.
Меҳмонлар даволаш муассасасида аҳолини соғломлаштириш, профилактика ва тиббий реабилитация хизматларини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган даволаш хоналари, яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда тиббий хизматлар сифати билан яқиндан танишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири