Чегарачилар учун янги хизмат уйлари
Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Қуролли Кучларимизни ташкил топганлигининг 31 йиллиги тантаналари доирасида Фарғона вилоятида ҳарбий хизматчилар учун янги иншоотлар фойдаланишга топширилди.
Сўх туманининг "Зангат" ва "Демурсат" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари учун янги хизмат уйлари қурилди. Мазкур уйларнинг фойдаланишга топшириш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.

Зангат қишлоғида умумий қиймати 9,5 миллиард сўмлик қурилиш ишлари натижасида 2 та 4 қаватли 32 хонадонли турар-жой биноси ҳамда болалар майдончаси барпо этилган бўлса, Демурсат қишлоғидаги чегара қўриқлаш бўлинмаси ҳудудида 10,2 миллиард сўм маблағ ҳисобига 4 қаватли 36 хонадонли турар-жой биноси ва болалар майдончаси қуриб битказилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳарбий хизматчиларга янги хонадонларнинг калитини топширар экан, Давлатимиз раҳбари томонларидан ҳарбий-маъмурий секторларга белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида барпо этилган бу янги уйлар ҳарбийларимизнинг руҳини кўтариб, кучига куч қўшишини, ўз хизмат вазифаларини хотиржам, кўнгиллари тўқ бўлиб бажаришларига, янада садоқат ва ватанпарварлик ҳисси билан жонажон Ватанимиз сарҳадларини қўриқлашларида муҳим омил бўлишини таъкидлади.

Шу ўринда қайд этиб ўтиш ўринлики, ҳарбий шаҳарчаларни обод қилиш, уларнинг ҳудудида замонавий инфратузилмалар барпо этиш, ҳарбий хизматчилар учун қулай шароитлар яратиш, шу жумладан, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун замонавий уй-жойлар қуришга 2022 йилда вилоят маҳаллий бюджетидан жами 123 миллиард 525 миллион сўм маблағ ажратилди. Бу 2021 йилга нисбатан икки ярим баробар кўп ҳисобланади.
М.Сулаймонов,
ЎзА