Чанг-тўзон хавфи: Чегарада "яшил қалқонлар" қандай қурилмоқда? (+видео)
Пойтахтгача етиб келган чанг-тўзонлар ортидан бошланган "яшил қалқонлар" лойиҳаси Ўзбекистон экологиясини қандай ўзгартирмоқда? Мутахассис бу борада муҳим маълумотларни тақдим этди.
Маълумки, бундан бир неча йил аввал кучли шамоллар ҳаттоки пойтахтгача чанг-тўзонларни олиб келиб, кўплаб инсонларнинг соғлигига катта хавф солди. Шундан сўнг давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан яшил майдонлар республикамизнинг барча ҳудудларида шиддат билан кенгая бошлади. Жумладан, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24-сентябрда 338-сон қарори қабул қилиниб, чегара ҳудудларида “яшил қалқонлар” барпо этила бошланди. Бу борада жорий йилда Вазирлар Маҳкамасининг 135-сон қарори ҳам қабул қилиниб, иҳота ўрмонларини барпо этиш ишлари бугунги кунда ҳам давом эттирилмоқда.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжат доирасида амалга оширилган ишлар ва бу ўрмонларни сақлаш ва кўпайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида Ўрмон агентлиги бош мутахассиси Жасурбек Раҳимов билан суҳбатлашдик.
- Чегара ҳудудларида иҳота ўрмонлари яна давом эттириладими?
- Жорий йил 31-мартда Вазирлар Маҳкамасининг “Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 135-сонли қарори қабул қилиниши билан Ўрмон агентлигига бир қанча топшириқлар берилган. Жумладан, Сирдарё вилоятида 84 гектар майдонда “яшил девор”лар барпо этиш бўйича “Яшил лойиҳа” лойиҳалаш институти билан биргаликда ер майдонлари аниқланиб, лойиҳа-смета ишлари ишлаб чиқилди.
Мирзаобод туманида 5 км масофада қайрағоч, тут, жийда, садақайрағоч каби дарахт турларини экиб, “яшил деворлар” барпо этилди ва бугунги кунда кўчатларни парваришлаш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари Сирдарё вилоятининг Ховос, Оқолтин туманларида ҳам яшил деворлар барпо этиш бўйича ер майдонларини тайёрлаш, суғориш тизимларини барпо этиш бўйича бугунги кунда амалий тадбирлар бошлаб юборилган. Кузги кўчат экиш мавсумига старт берилиши билан ушбу тадбирлар амалга оширилади.
- Сурхондарё вилоятида бу борада қандай ишлар амалга оширилди?
- Сурхондарё вилоятида эса “афғон шамоли”га қарши 1100 гектар майдонда “Яшил қопламалар” барпо этиш бўйича ҳам топшириқлар берилган эди. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида “Яшил лойиҳа” лойиҳалаш институти томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа-сметага асосан 520 гектар майдонда саксовул кўчатларини экиш орқали “Яшил қопламалар” барпо этилди. (давоми видеода)
Санжар Тошпўлатов,
Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА