“CAITME 2026”: инновация ва автоматлаштириш тўқимачилик саноатини ривожлантирмоқда
Жаҳон тўқимачилик саноатида замонавий технологияларга бўлган талаб йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу, аввало, ишлаб чиқариш самарадорлиги ва маҳсулот сифатини ошириш, ресурслардан тежамкор фойдаланиш ҳамда ташқи бозорларда рақобатбардошликни таъминлаш зарурати билан боғлиқ.
Шу сабабли, корхоналар ишлаб чиқариш жараёнларига илғор технологияларни жорий этишга тобора кўпроқ эътибор қаратяпти. Айниқса, жараёнларни автоматлаштириш, ресурс тежамкор ва экологик ечимлардан фойдаланиш бугунги кунда соҳанинг асосий йўналишларидан бирига айланмоқда.
Бу тенденция Ўзбекистон тўқимачилик саноатида ҳам кузатиляпти. Соҳада ишлаб чиқаришни технологик жиҳатдан янгилаш, замонавий ускуналарни жорий этиш ва халқаро тажрибани ўрганишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бундай имкониятларни яратишда халқаро технология ишлаб чиқарувчилари, маҳаллий корхоналар ва мутахассисларни бир майдонда жамлайдиган “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари CAITME 2026” 17-Марказий Осиё халқаро кўргазмаси муҳим аҳамият касб этади.
“CAITME” лойиҳа директори Гуллола Нодирхонованинг таъкидлашича, кўргазма кўп йиллардан буён минтақанинг тўқимачилик ва тикувчилик саноатини инновацион ва илғор ривожлантиришнинг энг муҳим воситаларидан бири бўлиб келмоқда. У маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга илғор технологиялар етказиб берувчилар билан доимий алоқада бўлиш, янгиликлар ва янги маҳсулотлардан хабардор бўлиш, машина ва ускуналардан фойдаланиш бўйича техник маслаҳатлар олиш, шунингдек, махсус акциялар ва таклифларни “биринчи қўлдан” олиш имконини беради.
– Кеча, яъни 8 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлаган ушбу нуфузли кўргазмада 18 мамлакатдан 262 та компания ва бренд иштирок этмоқда. Хорижий иштирокчилар улушининг 83 фоизни ташкил этиши Ўзбекистон ва Марказий Осиё бозорига нисбатан халқаро технология ишлаб чиқарувчиларининг қизиқиши юқори эканини кўрсатади. Унда намойиш этилаётган технологиялар орасида автоматлаштириш, ресурс тежамкорлик ва экологик ечимлар алоҳида ўрин тутади. Меҳнат унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва маҳсулот сифатини барқарорлаштириш эҳтиёжи автоматлаштирилган линияларга талабни кучайтирмоқда.
Шу билан бирга, тўқимачилик саноатида экологик ва ресурс тежамкор технологияларга ўтиш ҳам тезлашмоқда. Бўяш ва пардозлашда сув, энергия ва кимёвий моддалар сарфини камайтириш, оқова сувларни қайта ишлаш ҳамда яшил энергиядан фойдаланиш экспорт бозорида рақобатбардошликнинг муҳим шартига айланмоқда, – деди Г. Нодирхонова.
Бу жараён тўқимачилик чиқиндиларини қайта ишлаш технологияларига бўлган қизиқишнинг ортишида ҳам намоён бўлмоқда. Хитой компаниялари ҳам ушбу йўналишда ўз технологияларини фаол илгари сурмоқда. Хитойнинг “Sail Nonwoven Machinery Co., Ltd.” компанияси тўқилмаган материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий ускуналар ва технологик линияларни таклиф этмоқда. Компания игна санчиш, термик ва кимёвий бириктириш ускуналари, толани очиш, тараш ва ўраш линияларини ишлаб чиқаради. Ушбу технологиялар геотекстиль, намат, фильтр материаллари, автомобиль саноати учун материаллар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қўлланилади.
Компания лойиҳа менежери Петер Хунинг айтишича, “Sail Nonwoven Machinery” Ўзбекистондаги “CAITME” кўргазмасида биринчи марта иштирок этмоқда. Шу билан бирга, унинг мамлакатда, жумладан, Тошкент ва Самарқандда аллақачон мижозлари бор.
–Компаниямиз тўқилмаган материаллар ишлаб чиқариш учун ускуналар тайёрлайди. Биз игна санчиш ва термик бириктириш линияларини ишлаб чиқариш ва етказиб берамиз. Ушбу линиялар ёрдамида геотекстиль, намат, фильтр материаллари ва синтепон каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Бу технологияларнинг яна бир муҳим имконияти тўқимачилик чиқиндиларини қайта ишлашдир. Масалан, эски кийимлардан ёки кийим ишлаб чиқарадиган фабрикаларда ҳосил бўладиган тўқимачилик чиқиндиларидан фойдаланиб, янги материал ишлаб чиқариш мумкин. Кийим ишлаб чиқарадиган фабрикаларда бундай чиқиндилар жуда кўп бўлади. Уларни қайта ишлаб, янги материал олиш имконияти мавжуд, – деди Петер Ху.
Айтиш керакки, мазкур технологиялар тўқимачилик саноатида хомашёдан фойдаланишга бўлган ёндашувни ҳам ўзгартирмоқда. Илгари ишлаб чиқариш жараёнидаги қолдиқ сифатида қаралган мато ва кийим чиқиндилари энди қайта ишланиб, янги маҳсулот учун хомашёга айлантирилмоқда. Бу эса корхоналарга чиқиндилар ҳажмини камайтириш билан бирга, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ва қўшимча қиймат яратиш имконини беради.
Шунингдек, кўргазмада ишлаб чиқариш жараёнларини соддалаштириш ва маҳсулот турини кенгайтиришга хизмат қиладиган кўп функцияли ускуналар ҳам намойиш этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда фаолият юритувчи “Ricoma Asia” компанияси каштачиликдан ташқари мунчоқ, марварид ва кристаллар билан ишлаш имконини берувчи технологияларни тақдим этмоқда. Бундай универсал ечимлар, айниқса, кичик ва ўрта бизнес учун янги маҳсулот турларини ўзлаштириш ҳамда бозор талабига мослашишда қўшимча имконият яратади.
Мухтасар айтганда, мазкур кўргазмада намойиш этилаётган ечимлар тўқимачилик саноатида автоматлаштириш, ресурс тежамкорлик, қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш устувор йўналишларга айланаётганини кўрсатмоқда. Шу маънода, “CAITME” Ўзбекистон ва Марказий Осиё тўқимачилик саноатида технологик янгиланиш ва янги имкониятларни излаш жараёнида муҳим ўрин тутади.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА