Бюджетга 380 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча тушум таъминланди
Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ғ.Насиров раислигида Шахсий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи С.Пўлатов иштирокида «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплексида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда комплекснинг ҳисобот давридаги фаолияти атрофлича муҳокама қилиниб, амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқилди. Шунингдек, белгиланган вазифалар ижроси сарҳисоб қилиниб, йилнинг иккинчи ярмида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди. Қайд этилганидек, 2026 йил январь–июнь ойларида комплекс орқали расмийлаштирилган ташқи савдо ҳажми 2,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга кўп.
Экспорт ҳажми ҳам сезиларли ўсиб, 618 миллион АҚШ долларига етди. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,7 баробарга ошган. Бу натижалар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун яратилаётган қулайликлар, божхона жараёнларини соддалаштириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш борасидаги ишлар самарадорлигини кўрсатади.

Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, хавфларни бошқариш тизими самарадорлигини ошириш ҳамда рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш натижасида давлат бюджетига 380 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча божхона тўловлари ундирилди. Шунингдек, «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режими доирасида 30,5 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт ва реэкспорт операциялари амалга оширилди.
Мазкур кўрсаткичлар божхона назорати ва маъмурчилигида замонавий ёндашувлардан фойдаланиш, ташқи савдо операцияларини қонуний ва шаффоф амалга оширишни таъминлаш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳисобот даврида божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш йўналишида ҳам салмоқли натижалар қайд этилди. Хусусан, умумий қиймати 85,4 миллиард сўмлик ноқонуний товарларни мамлакат ҳудудига олиб киришнинг олди олинди. Бундан ташқари, тамаки маҳсулотлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича ҳам самарали чора-тадбирлар амалга оширилди.

Кенгаш йиғилишида коррупцияга қарши курашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Фаолият давомида йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий-таҳлилий жиҳатдан кўриб чиқилиб, уларга йўл қўйган таркибий тузилмалар раҳбарларига аниқ вазифалар юклатилди. Шунингдек, хизмат интизомини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупциявий хавфларнинг олдини олиш ва ходимларнинг масъулиятини ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш якунида масъулларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш, божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш, давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш, тадбиркорлар учун яратилган қулайликларни кенгайтириш ҳамда божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши ташқи савдо жараёнларини янада қулайлаштириш, божхона назорати самарадорлигини ошириш, қонуний товар айланмасини рағбатлантириш ва давлат бюджети даромадларини кўпайтиришга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА