“Буюк қалб“ соҳиби ёдга олинди
У она Ватани Ҳиндистоннинг ҳурлик, тинчликка эришиши учун жуда катта жасорат ва матонат кўрсатди.
У она Ватани Ҳиндистоннинг ҳурлик, тинчликка эришиши учун жуда катта жасорат ва матонат кўрсатди. Бу йўлда бир неча бор қамоққа олинди, аёвсиз калтакланди, азобларга рўбарў бўлди. Лекин истибдод зулмига қарши курашдан тўхтамади. Озодлик, тенглик, адолат йўлида исён қилишдан чарчамади. Шунинг учун ҳам уни “Маҳатма“ – “Буюк қалб“ деб аташди. Бу – Мўҳандас Карамчанд Ганди.
Бу йил Ҳиндистон миллий озодлик ҳаракати етакчиларидан бири, буюк мутафаккир ва арбоб Маҳатма Ганди таваллудига 150 йил тўлади. Шу муносабат билан Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳамкорлигида пойтахтимизда “Маҳатма Гандининг фалсафий таълимотларидаги халқ дипломатияси” мавзусида семинар ташкил этилди.
Таъкидланганидек, Маҳатма Ганди икки юз йиллик инглизлар истибдодига чек қўйган, аъмоли ва ахлоқи, мустаҳкам эътиқоди ва метин иродаси билан тарихга муҳрланган. У ватанпарварлик тимсолига айланиб жон берди, аммо унинг сиймоси ҳамон тирик.
Маҳатма Ганди ўз эсдаликларида шундай ёзган эди: “Нотинчликда тинчликка эришиб бўлмайди. Тинчликни асраш қушқўнмас тиканаклари орасидан мевасини териш дегани. Мен бу масалага қанчалик чуқур ёндашсам, ич-ичимда қатъий бир хулоса туғилади: “Тинчликни асраш – бош инсоний бурч!”.
Ганди мана шу инсоний бурчга масъулиятни ўз ҳаёти, сиёсий фаолияти мисолида яққол намоён этди. Бу ҳақда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Сантош Жа шундай деди:
– Ҳиндистонда Гандининг номи озодлик ва мустақиллик билан чамбарчас боғлиқ. Унинг эрк йўлида олиб борган курашларига бутун дунё гувоҳ. Маълумки, Ганди ижтимоий келиб чиқиши жиҳатидан кўпроқ қуйи тоифага яқинроқ эди. Айни шу жиҳат унинг буюк йўлбошчи сифатида майдонга чиқиши ва чинакам халқ раҳнамоси бўлиб етишувида катта роль ўйнаган. Унинг юрт истиқлоли йўлидаги хизматларини асло унутиб бўлмайди. У нафақат ҳинд халқи, балки бутун дунёга юртни севиш, Ватанни ардоқлаш борасида ибрат бўлиб қолди.
Тадбирда давлат ва жамоат арбоби Маҳатма Карамчанд Гандининг “Менинг ҳаётим” китоби хусусида сўз юритилди. Ушбу китоб жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Хусусан, ўтган йили Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга сафари олдидан “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида ушбу китоб ўзбек тилида нашр этилди. Унда Ганди ўзининг бутун дунёқарашини, ҳаётда кўзлаган мақсадларини ошкора ва холисона ифодалаб беради.
Семинарда “Маҳатма Гандининг “Менинг ҳаётим” асарига қадимги Ҳиндистон фалсафасининг таъсири” номли китобнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Китобда Ҳиндистонда мустақиллик арафасидаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар, Маҳатма Гандининг ҳаёти ва фаолияти, қадимги ҳинд фалсафасидаги ғоялар ўз аксини топган.
– Бир неча йил давомида Маҳатма Гандининг “Менинг ҳаётим” асарига қадимги Ҳиндистон фалсафасининг таъсирини турли манбалар асосида тадқиқ этдик, – дейди Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Шердор Пўлатов. – Ўрганиш ва изланишларимиз натижасини бугун китоб ҳолида чоп этдик. Унда мутафаккирнинг фалсафий, ахлоқий, диний, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий, маънавий таълимотларини очиб беришга ҳаракат қилдик. У орқали китобхон ҳинд халқи ва унинг буюк фарзанди Гандини янада ёрқин кашф этади.
Тадбирда Маҳатма Гандининг ҳаёти ва фаолияти, у илгари сурган ғоялар ва уларнинг давлат бошқарувидаги ўрни, ёшлар тарбиясидаги аҳамияти борасидаги илмий изланишлар кўламини кенгайтириш бўйича фикр-мулоҳаза алмашилди.