Бухоролик спортчилар шарафланди
Мамлакатимиз ва халқаро спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган бухоролик спортчилар тақдирланди.
2021 йилда бухоролик спортчилар томонидан жами 3 минг 746 та, шундан паралимпия ўйинларида 1 та бронза, жаҳон мусобақаларида 24 та олтин, 15 та кумуш, 28 та бронза, Осиё чемпионатларида 9 та олтин, 8 та кумуш, 16 та бронза, халқаро турнирлар ва республика мусобақаларида 986 та олтин, 967 та кумуш, 1 минг 665 та бронза медаллари қўлга киритилган.
Йил давомида 3 минг 881 та спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари ўтказилган. Буларда жами 593 минг нафардан ортиқ ёки қарийб 30 фоиз аҳоли жалб қилинган. Шундан 315 минг нафардан ортиғи хотин-қизларни ташкил этади. Аҳолини оммавий спортга кенг жалб қилиш орқали 2021 йилда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчилар қамрови йил бошида 19,5 фоизни ташкил этган бўлса, йил якунида бу кўрсатгич 30 фоиздан ошган.
Шу билан бирга, жаҳонда танилиб, Ўзбекистон фахрига айланган, бокс бўйича жаҳон ва Олимпия чемпионлари Аббос Атоев, Шахрам Ғиёсов, Шахобиддин Зойиров, дзю-до бўйича 2 карра Жаҳон чемпиони, 3 марта Олимпиада бронза медали соҳиби Ришод Собиров, Пара дзю-до бўйича Параолимпия чемпиони Шерзод Намозов, бронза медали соҳиби Шариф Халиловлар ёшларимизга муносиб ўрнак бўлмоқда.

Спортчилар эришаётган натижаларда албатта, вилоят спорт федерацияси ва ассоциациялари ҳамда уларнинг ҳамкор ташкилотларининг ҳам ҳиссаси катта. Хусусан, дзю-до, бокс, эркин-кураш, юнон-рум каби спорт турларини қўллаб-қувватланиши ва уларга ҳамкорлик кўрсатилиши туфайли спортчилар ғалабалари таъминланмоқда.

Тадбирда қатор номинациялар бўйича ғолиблар муносиб рағбатлантирилди. “Йилнинг энг яхши спортчиси” Абдумалик Халоқов, “Йилнинг энг яхши аёл спортчиси” Сабина Бобоқулова, “Йилнинг энг ёш спортчиси” Жаҳонгирмирзо Туробов, “Йилнинг энг яхши мураббийи” Ҳамза Авезов, “Йилнинг энг яхши аёл мураббийи” Ойдин Файзиева, “Йилнинг энг яхши ҳаками” Илҳом Адизов, “Йилнинг энг яхши спорт федерацияси” вилоят Бокс федерацияси ва бош мураббий Равшан Ходжаев, “Йилнинг энг яхши паралимпия спортчиси” Шариф Халилов, “Йилнинг энг яхши паралимпия аёл спортчиси” Зарифа Бобоева, “Йилнинг энг яхши паралимпия мураббийи” Ҳасан Қосимов.
Спортчилар қўлга киритган муваффақиятларда албатта, уларни ҳар томонлама қўлаб-қувватлаган устоз-мураббийлари, қолаверса, ҳомийлик кўрсатган корхона-ташкилотлар ҳам эътибордан четда қолмади. Хусусан, фахрий тренерлар – футболда Исмат Сайфуллаев, сузишда Ғулом Бафоев, боксда Сафожон Тўраев ва Мавлон Зикриёевлар, баскетболда Олим Файзиев, енгил атлетикада Мамлакат Рахимова, бадиий гимнастикада Римма Хохлова, шахматда Рустам Ҳамроев, стол теннисида Людмила Воҳидовалар алоҳида эътироф этилди.
Вилоятда спортга бўлган хайрихоҳлиги ва моддий қўллаб-қувватлагани учун “Бухоро агрокластер”, “Бухоро Нефтни қайта ишлаш заводи”, “Парвоз Хумо равнақ транс”, “Евроснар”, “Бухородонмаҳсулотлари” ва “Когондонмаҳсулотлари” каби корхоналар, “Шохруд” акциядорлик жамияти раҳбарларига алоҳида миннатдорчилик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.
Худди шундай, вилоятда спортни ривожлантириш, айниқса, яккакураш федерациялари фаолиятини жонлантиришдаги саъй-ҳаракати ва фидойилиги боис биринчи сектор – вилоят ҳокимлиги, иккинчи сектор –вилоят прокуратураси, учинчи сектор – вилоят Ички ишлар бошқармаси, тўртинчи сектор – вилоят Давлат солиқ бошқармаси мутасаддиларига алоҳида миннатдорлик билдирилди. Тантанали тадбир якунида намойиш этилган вилоят санъат усталари, хушовоз эстрада хонандалари томонидан тайёрланган концерт дастури барчага байрамона кайфият улашди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқди.
Зариф Комилов, ЎзА