Бухородаги маданий мерос объектларини сақлашда қандай муаммолар бор?
Маданий мерос объектлари юртимизнинг ташриф қозоғи сифатида маҳаллий ва хорижий сайёҳларни ўзига жалб этадиган, аждодларимиздан бизгача мерос бўлиб келаётган қимматли бойлигимиз. Уларни асраб-авайлаш, тарихий объектлардан фойдаланишда белгиланган талабларга ва қонунчиликка риоя қилиш, шунингдек, келажак авлодга бус-бутун ҳолича етказиш бугунги давр олдидаги долзарб вазифадир.
Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси аъзолари мунтазам равишда ҳудудлардаги маданий мерос объектлари ҳолатини жойига чиққан ҳолда ўрганиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишга эътибор қаратиб келади. Яқинда қўмита аъзолари томонидан навбатдаги ўрганиш Бухоро вилоятида олиб борилди. Депутатлар ҳудуддаги маданий мерос объектларининг сақланиш ҳолати, реставрация ишлари ва соҳа қонунчилиги ижросига алоҳида эътибор қаратди.
Ўрганишлар давомида Вобкент туманидаги Чашмаи Айюб ҳазираси ва Тош масжиднинг ҳолати кўздан кечирилди. Ёғингарчилик ва ташқи муҳит таъсирида таъмирталаб ҳолатга келган Чашмаи Айюб ҳазирасида реставрация ва консервация ишларини амалга ошириш, ҳудудни ободонлаштириш, видеокузатув мосламаларини ўрнатиш ҳамда пештоқдан олиб кетилган плиткани ўз жойига қайта ўрнатиш зарурати қайд этилди.

Шунингдек, Ғиждувон туманидаги Қўрғон туризм маҳалласида “Бозори қаймоқ” масжидини музейга айлантириш, “Арабон масжиди” ва “Шайх Тожиддин” масжидларида реставрация ишларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур ишлар учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш билан бирга 7,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талаб этилади.
Назорат-таҳлил жараёнида малакали реставраторлар етишмаслиги, сизот сувларининг тарихий обидаларга салбий таъсири каби масалалар ҳам кўтарилди. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш, реставрация ишларини такомиллаштириш ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Халқ вакилларининг ўрганишларида аниқланган муаммоларни бартараф этиш ҳамда соҳадаги қонунчилик ижросини таъминлаш бўйича қўмитанинг таклифлари ишлаб чиқилади. Бу эса маданий мерос объектларини асраб-авайлаб сақлаш, улардан фойдаланишда қонунчиликка риоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА