Бухорода тил байрами тантаналари
Бухорода ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 21 октябрь – ўзбек тили байрами куни муносабати билан тадбир ўтказилди.
Дастлаб буюк шоир, сўз мулкининг султони Алишер Навоий бюсти олдига гул қўйилди. Тадбирда она тилимизнинг миллат маънавий ўзлигини белгилашдаги аҳамияти, унинг бугунги кундаги мавқеини ошириш борасида амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишлар, илмий тадқиқотлар хусусида сўз борди.
Байрамнинг асосий тантаналари вилоят Ёшлар маркази санъат саройида давом этди. Тилшунослар, маънавий-маърифий соҳа вакиллари, ижодкорлар ҳамда етакчи тил ва адабиёт ўқитувчилари жам бўлган тадбирда иштирокчилар эътиборига вилоят санъат усталари томонидан тайерланган “Тил барҳаёт экан – яшайди миллат” мавзусида театрлаштирилган бадиий дастур намойиш этилди. XX асрда тилимиз учун курашган жадид маърифатпарварлари, шунингдек, 70-80-йиллар зиёлилари ҳаёти акс этган саҳна кўринишлари, тилимиз мадҳ этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга катта таассурот қолдирди.
[gallery-9175]
– Тил инсонни инсон сифатида шакллантирган, тараққиёт босқичларига олиб чиққан, руҳий такомилга бошлаган, тафаккур гулшанининг дарвозаларини очган сеҳрли бир жилодир, – дейди вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Акбар Рустамов. – Миллий тараққиётимиз кўзгуси, бебаҳо бойлигимиз она тилимизни асраш ва ривожлантириш барчамизнинг бурчимиз. Бу борада вилоятда ўзбек тили ойлиги доирасида меҳнат жамоалари, маҳаллаларда тил байрамлари, шунингдек, илмий-амалий конференция, танловлар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, вилоят аҳолисининг имло саводхонлигини ихтиёрий синовдан ўтказиш мақсадида иншо марафони ташкил этилмоқда. Унда онлайн платформада диктант матни ўқиб эшиттирилади. Барча иштирокчилар онлайн тарзда диктантни ёзиб бўлганидан сўнг унинг асл тўғри варианти тақдим этилади. Бу орқали иштирокчилар ўзлари диктантлари матнини текшириб, ўз ўзларига баҳо қўйишлари мумкин.
Байрам арафасида яна бир лойиҳа сифатида барча давлат бошқаруви органлари, қолаверса аҳолининг давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари билан яқиндан танишишлари учун “Жаҳон минбаридан янграган тилим” қўлланмаси нашр этилди. Унда соҳага оид қонун, фармон, қарорлар билан бирга улуғ аждодларимиз, зиёлиларимизнинг она тилимиз мадҳига бағишланган пурмаъно фикрлари ҳам ўрин олган.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов, ЎзА