Бухорода саноат ривожланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоятида саноатни жадал ривожлантириш, маҳаллийлаштириш дастурларини кенгайтириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасидаги ишлар амалий натижаларини бермоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятда 26,3 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 108,2 фоизни ташкил этди. 182 та маҳаллийлаштириш лойиҳаси доирасида 2 триллион 265 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди, натижада 187 миллион АҚШ доллари миқдоридаги импорт ўрни босилди.
[gallery-30611]
Экспортбоп ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналардан бири Когон туманидаги «Туткунда» кичик саноат зонасида фаолият юритаётган «Омад Кумушкент” масъулияти чекланган жамиятидир. Корхона текстиль йўналишида ихтисослашган бўлиб, хом бўз, сатин ва паплин матоларини ишлаб чиқаради ҳамда маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларга етказиб беради.
Умумий инвестиция қиймати 3,8 миллион АҚШ доллари бўлган корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 40 миллиард сўмни ташкил этади. Йилига давлат бюджетига 4,8 миллиард сўм солиқ тўланади, экспорт ҳажми эса 3 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Бугунги кунда корхонада 55 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган бўлиб, бу ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА