Бухорода оромгоҳлар мавсумга тайёрми?
Бухоро вилоятида жорий йил ёз мавсумида 17 минг 825 нафар ўқувчилар оромгоҳларда соғломлаштирилиши режалаштирилган. Бу борада болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ишларига пухта тайёргарлик кўрилди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига қарашли “Нефтчи” оромгоҳи жорий йилнинг 4 июнидан иш бошлади. Мавсум 14 августгача давом этади.
– Мавсум давомида вилоятдаги 145 та стационар – шаҳарорти ва кундузги оромгоҳларда 17 минг 825 нафар ўғил-қиз соғломлаштирилади, – деди касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Адолат Акрамова. – Шундан, 11 та стационар оромгоҳда 6 минг 650 нафар, 134 та кундузги оромгоҳда 11 минг 175 нафар болалар дам олади.
– Оромгоҳимиз 5,8 гектар сўлим жойда жойлашган, – дейди оромгоҳ раҳбари Жонибек Зияев. –Беш мавсумда 1 минг 110 нафар бола соғломлаштирилади. Ҳар бир мавсум 12 кундан давом этади. Бир кунда 5 маҳал овқат билан таъминланади. Оромгоҳда таъмирлаш-тиклаш ишлари якунланди. Айни пайтда болажонларимизни қабул қилишга тайёр. Оромгоҳда 3 та сунъий қопламали футбол, 1 та стол теннис, 1 та волейбол, 1 та баскетбол, 1 та катта теннис майдончалари, 6 та ётоқхона, 2 та бассейн, 10 та замонавий компьютер, PlayStation, 4 мингга яқин китоблар жамланган кутубхона болажонлар ихтиёрига топширилади. Тиббиёт хонаси барча жиҳозлар ва дори-дармонлар билан таъминланган. 256 ўринли ошхона янги жиҳозлар билан жиҳозланган.
[gallery-7445]
Болалар учун маданий тадбирлар режалаштирилган бўлиб, ҳамкор ташкилотлар билан дастурлар тузилган. Оромгоҳда, моҳир қўллар, компьютер саводхонлиги, ракета модель, чет тиллари, рассомчилик тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Энг асосийси, болажонлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча шароит яратилган.
“Бухоро Агрокластер” МЧЖга қарашли Бухоро туманидаги “Ёш пахтакор”, Вобкент туманидаги “Порлоқ келажак” оромгоҳлари мавсумни бошлашди.
– Оромгоҳимизнинг ер майдони 10 гектарни ташкил этади, –дейди оромгоҳ раҳбари Тўқсон Неъматов. – Оромгоҳимизнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўғил-қизларимизни мазмунли дам олдиришни таъминлаш, оромгоҳда ташкил этилган кутубхона фондини бойитиш бўйича белгиланган чора-тадбиримизни амалга оширдик. Беш мавсумда 750 нафар болалар соғломлаштирилади. Бассейн, волейбол, футбол, теннис, шахмат-шашка, турли хил оммавий тадбирлар ўтказиш бўйича шароитлар яратилган. Мавсум бошланди.
Болалар учун турли хилдаги мевалар оромгоҳдаги яратилган боғдан олиб келинади. Натижада мева ҳамда улардан тайёрланадиган шарбатлар ўғил-қизларга берилади.
– Уч йилдан буён мана шу оромгоҳда дам оламан, – дейди Ғиждувон туманидаги 61-Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 5-синф битирувчиси Сайёра Асророва. – Дадам Ғиждувон пахта тозалаш заводида боғбон бўлиб ишлайди. Мен учун доимо оромгоҳга йўлланма олиб келади. Тенгдошларимга ҳам оромгоҳда дам олишни тавсия этаман. Жуда ҳам сўлим масканда жойлашган. Барча шароитлар яратилган.
– Асосан, кластерга қарашли корхона ва ташкилотлар ходимларнинг маҳаллалардаги кам таъминланган оила фарзандлари, “Оилавий уйлар” тарбияланувчилари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари соғломлаштирилади, –дейди “Бухоро Агрокластер” МЧЖнинг бирлашган тармоқ касаба уюшмаси раиси Бахтиёр Наврўзов. – Тизимда 4 минг 500 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. Уларнинг болаларини соғломлаштириш муҳим вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
“Порлоқ келажак” оромгоҳи бу йилги мавсумда 1000 нафар болажонни бағрига олади. Айни пайтда оромгоҳда 200 нафар ўғил-қиз дам олмоқда.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА