Бухорода она ватанимиз мадҳ этилди
Бухорода “Ватан манзумаси” номли адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди. Тадбирда Ватанни улуғловчи куй-қўшиқлар, оташнафас шоирларнинг шеърлари янгради. Ўзбек Миллий драма театри ҳамда вилоят мусиқали драма театри жамоаларининг саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Саидкомил Умаров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Шоҳида Исмоилова, Учқун Тиллаев, шунингдек, таниқли эстрада хонандалари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Ғиёс Бойтоев, хушовоз хонанда Эркин Исмоилов, қолаверса, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргашев ва бошқаларнинг чиқишлари йиғилганларни бефарқ қолдирмади.


–Мамлакатимиздаги тинч ва осойишта, хавф-хатардан холи ҳаёт, ижтимоий барқарорлик, ҳамжиҳатлик, тўкислик ва фаровонлик, оқибат, ўзаро меҳр ва мурувват муҳити олий қадрият экани ёрқин ва бетакрор мусиқий дастур орқали яна бир карра ўз ифодасини топди, –дейди, республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Марҳабо Пардаева. – Юртимиздаги тинчлик ва тотувликни, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш наинки ҳарбий соҳа вакиллари, балки барча ҳамюртларимиз, айниқса, ёшларнинг муқаддас бурчи экани ранг-баранг мусиқий чиқишлар воситасида яна бир карра намоён бўлди.
Тадбирда Она Ватанни мадҳ этувчи ижод намуналари қаторида, юртнинг содиқ ўғлонлари, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшган устоз-мураббийлар, фахрийлар, Ватан учун жон фидо қилган посбонлар ёдга олинди.
–“Ватан манзумаси” деб номланган адабий-маърифий кеча қадим Бухорода юқори савияда ўтгани барчамизни хушнуд этди, – дейди пойтахтдан ташриф буюрган адабиёт ва санъат аҳли номидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул ходими, шоир Шоди Отамурод. – Илм ва ижод аҳли, айниқса, талабалар ҳар бир чиқиш ва бадиий дастурни гулдурос олқишлар билан кутиб олгани бизни руҳлантирди. Шариф шаҳардан соғинч билан эслагулик таассуротлар билан қайтмоқдамиз. Шу ўринда, боқий ва ҳамиша навқирон шаҳарнинг тарихий обидалари кўплар қаторида мени ҳам мафтун этгани алоҳида мавзу.


Бу азиз ва муқаддас Ватан буюк аждодлардан авлодларга меросдир. Шу боис унинг тараққиёти йўлида озми, кўпми ҳисса қўшиш ўзини шу юрт фарзандиман деб билган ҳар бир инсон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Зариф Комилов, ЎзА