Бухорода “Оммавий диктант” марафони ўтказилди
Бухорода ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги муносабати билан “Ҳар бир сўзда миллат руҳи, ҳар бир ёзувда тил ғурури!” шиори остида “Оммавий диктант” марафони ташкил этилди.
Бухоро давлат педагогика институти ташаббуси билан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги биносида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Ортиқова, институт ректори Баҳодир Маъмуров, олий таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.
Марафон ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини янада ошириш, ёзма саводхонликни юксалтириш, она тилига бўлган меҳр ва эҳтиромни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди. Унда иштирокчилар диктант ёзиш орқали ўз билим ва саводхонлигини синовдан ўтказди. Шунингдек, имло қоидаларига оид билимларини мустаҳкамлаш имконига эга бўлди.
Эътиборлиси, марафонда ҳиндистонлик талабалар ҳам фаол қатнашиб, ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқишини намоён этди.
[gallery-32070]
Мазкур тадбир она тилимизнинг бой имкониятларини кенг тарғиб этиш, ёшлар ўртасида тил маданияти ва саводхонликни оширишга хизмат қилди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА