Бухорода илмий-амалий анжуман (+видео)
Мамлакатимиз тараққиётини белгилаб берувчи “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бухорода “Хотин-қизлар экологик фаоллик сари” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Бухоро туманидаги “Varnet” экобоғида ташкил қилинган тадбирда жамоатчилик ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси қошидаги “Аёл маърифати” жамоатчилик кенгаши ҳамда “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизими масъул ходимлари, вилоятдаги шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари, фаол ёшлар ҳозир бўлди.
“Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати доирасида ташкиллаштирилган мазкур тадбирнинг асосий қисмида Президентимизнинг “Ҳар бир хонадон, ҳар бир оила, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак!” деган даъватига монанд муҳим мавзулар муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артикова олиб борган илмий-амалий анжуманда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистон Республикасидаги вакили Шерзод Умаров, Республика Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг ўринбосари Жусипбек Казбеков сўзга чиқди.
Анжуманда соҳа масъуллари, назариётчи ва амалиётчи олимлар, илмий тадқиқотчилар иштирокида аҳолининг кундалик ҳаётига экологик тамойилларни сингдириш, яшил ҳудудлар барпо этиш, сувни тежаш, атроф-муҳитни озода сақлаш, табиий борлиқни асрашга оналик ҳисси билан қараш, “Оила боғлари”ни барпо этишга дахлдор ташаббуслар муҳокама қилингани ҳолда “Тараққиёт стратегияси”да республикада яшиллик даражасини 30 фоизга етказишга ҳисса қўшиш, тарғибот ишларини кучайтиришга даъват этилди.
Бу борада экофаоллар фуқаролик позициясини шакллантириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи, хусусан, соғлом овқатланишни кенг тарғиб қилиш, озиқ-овқат исрофгарчилигининг олдини олиш, маиший турмушда табиий ресурслар сифатида сув, газ ва электр энергиясидан оқилона фойдаланишга доир профилактик-тушунтириш ишларини жонлантириш зарурлиги таъкидланди.
Маҳалла ва қишлоқларда оила даромадларини ошириш, бунда илғор инновацион технологияларни татбиқ этиш, пешқадам хўжаликлар соҳибларини рағбатлантириш, аҳоли томорқа ерларида миришкор оилаларни сифатли уруғ ва кўчатлар билан таъминлаш ҳамда уларга зарур тавсифларни берган ҳолда томорқа хўжалигида агрохизматлар кўрсатишни изчил йўлга қўйиш каби жиҳатларга эътибор қаратилди.
[gallery-22502]
Муҳим тавсиялардан бири – республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан 25 мартдан 25 апрелга қадар оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида “Яқин қўшнимга, яқин ўртоғимга 5 туп кўчат, 5 туп гул ва китоблар совға қиламан!” деган долзарб бир ойлик лойиҳаси ўзаро ҳамкорликда ташкил қилинадиган бўлди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Yw22F2zvlxM" title="Buxoroda ilmiy-amaliy anjuman" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шу куни илмий-амалий анжуман доирасида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан дарахт экиш ва унинг қоидалари, экилган дарахтларнинг атроф-муҳитга ижобий таъсири, томорқадан, иссиқхоналардан самарали фойдаланиш тартибларига доир “маҳорат дарслари”, олима ва ихтирочи хотин-қизларнинг илмий ишланмалари, томорқадан даромад топаётган аёлларнинг маҳсулотлари кўргазмаси, гулчилик, кўчат кўпайтириш бўйича ўқув машғулотлари ташкил қилинаётгани ҳам мақсадга мувофиқ, албатта.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат, видео), ЎзА мухбири.