Бухорода француз пианисти Кристин Фонлюпт иштирокида мусиқий дастур намойиш этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Шу кунларда Бухоро шаҳрида Франция маданияти ойлиги доирасида қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
[gallery-31793]
Навбатдаги мусиқий дастур қадимий Пойи Калон мажмуасида таниқли француз пианисти Кристин Фонлюпт иштирокида ташкил этилди. Унда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уалид Фук, маданият ва санъат соҳаси вакиллари, хорижий меҳмонлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда санъат ва маданиятнинг муҳим ўрни таъкидланди.
Концерт дастуридан жаҳон мумтоз мусиқаси намуналари ўрин олди. Кристин Фонлюпт томонидан ижро этилган фортепиано асарлари тадбир иштирокчиларига юқори кайфият ва унутилмас таассурот бағишлади.
Тарихий Пойи Калон мажмуасида янграган нафис мусиқа қадимий шаҳар муҳити билан уйғунлашиб, маданий кечага ўзига хос жозиба бағишлади.
Франция маданияти ойлиги доирасида Бухоро шаҳрида яна бир қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Бундай ташаббуслар Бухоронинг бой тарихий-маданий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, ижодкорлар ва санъат намояндалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон–Франция маданий ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА