Бухорода эксперт номзодлари малака оширди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро шаҳридаги Касбий кўникмалар марказида Миллий малака тизимини ривожлантириш институти томонидан малакани баҳолаш жараёнларига жалб этиладиган эксперт номзодлари учун ташкил этилган малака ошириш курслари якунланди.
Беш кун давом этган ўқув дастури давомида тингловчилар миллий малака тизимининг ҳуқуқий ва институционал асослари, касбий стандартлар ва тармоқ малака рамкаларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш, малакани баҳолаш воситаларини яратиш, замонавий баҳолаш усуллари ва халқаро тажриба бўйича назарий ҳамда амалий билимларга эга бўлди.
[gallery-30563]
Машғулотларда амалий кейслар таҳлили, баҳолаш жараёнларини моделлаштириш, интерактив муҳокамалар ва тажриба алмашиш сессиялари ташкил этилди.
Ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган 18 нафар тингловчига малакани баҳолаш марказларида эксперт сифатида фаолият юритиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
Таъкидланганидек, бундай ўқув курслари миллий малака тизимини такомиллаштириш, малакани баҳолаш жараёнларининг холислиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, меҳнат бозори талабларига мос рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА