Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Дўрман” маданият маркази иш бошлади
Бухоро вилояти Қоракўл тумани ҳокимлигининг маданият бўлимига қарашли “Қоракўл” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Дўрман” маданият маркази маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Марказнинг очилиш маросимида туман ҳокимлиги, вилоят маданият бошқармаси мутасаддилари, фаоллар, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда маданият соҳасига қаратилаётган эътибор туфайли чекка ҳудудларда ҳам замонавий, барча қулайликларга эга маданият объектлар барпо этилиб, халқимизга хизмат қилаётганлигини эътироф этди. Мазкур маданият маскани ҳам ҳудуд аҳолиси, жумладан, ёшлар ўртасида маданият ва санъатни кенг тарғиб этиш, истеъдодли йигит-қизларни тарбиялашга хизмат қилиши таъкидланди.


Теримчиларга муносиб рағбат
Жорий йил Бухоро вилояти Олот туманида жами 7 минг 652 гектар ерда ғўза парваришланди. Туманда бевосита пахтачиликка ихтисослашган 206 та фермер хўжалиги ва пахта-тўқимачилик кластери томонидан агротехник тадбирлар талаб даражасида олиб борилди. Ҳозирда ҳосилни нобуд қилмай йиғиб олишда фермер аъзолари, кўнгилли ҳашарчилар фаоллик кўрсатмоқда. Туман ҳокими Наргиза Неъматова ҳудудлардаги фермер хўжалиги дала майдонларида бўлиб, йиғим-терим жараёнлари билан танишди. Терим жараёнларида жонбозлик кўрсатаётган илғор ҳашарчиларга озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Туман раҳбари шунингдек, “Холбек” фермер хўжалигида ҳам бўлиб, ҳашарчи теримчилар билан самимий суҳбат қурди. Теримчиларнинг “оқ олтин” хирмонига қўшаётган улуши, қўлга киритаётган пахта пуллари, меҳнатига яраша моддий манфаатдорликлари билан қизиқди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.