Бухоро келажак сари интилаётган навқирон ва бетакрор маскандир
Қадимий ва навқирон Бухорога келаётган сайёҳлар оқими унинг нафақат тарихини, балки бугунги тараққиётини ҳам намоён этмоқда.
Баъзи шаҳарлар борки, уларга бир бор ташриф буюрган инсон у ердан шунчаки хотира билан эмас, балки бутун бир тарих нафасини ҳис этган ҳолда қайтади. Бухоро ана шундай ноёб масканлардан. Бу заминда ҳар бир кўча, ҳар бир гумбаз, ҳар бир қадимий мадраса ва зиёратгоҳ асрлар қаридан сўзлайди. Бироқ бугун Бухоро фақат ўтмишнинг бебаҳо ёдгорликларини асраб келаётган шаҳар эмас. У тарих ва замонавийлик уйғунлашган, туризм, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик жадал ривожланаётган замонавий сайёҳлик марказига айланмоқда. Бу ўзгаришларни рақамлар ҳам яққол тасдиқлайди.
2026 йилнинг дастлабки 8 ойида Бухорога 1 миллион 753 мингдан зиёд хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Шунингдек, республика ҳудудларидан 3,5 миллиондан ортиқ маҳаллий сайёҳ Бухорони ўзининг саёҳат манзили сифатида танлади.


Бу шунчаки статистик кўрсаткич эмас. Бу — Бухоронинг халқаро ва ички туризм харитасидаги нуфузи тобора ортиб бораётганининг муҳим белгиси. Кечагина бир неча тарихий обида атрофида жамланган сайёҳлик оқими бугун шаҳарнинг меҳмонхоналари, меҳмон уйлари, ресторанлари, ҳунармандчилик масканлари, транспорт ва бошқа хизмат кўрсатиш тармоқларига ҳам катта ҳаракат бағишламоқда.
Туризмнинг ривожланиши, аввало, сайёҳ учун муносиб шароит яратишни талаб этади. Бухорода бу йўналишдаги ишлар ҳам изчил давом этмоқда.
Жорий йилнинг 8 ойида ҳудудда 65 та янги жойлаштириш воситаси фаолияти йўлга қўйилди. Улар орасида 8 та меҳмонхона, 7 та хостел ва 48 та оилавий меҳмон уйи бор.
Бу рақамларнинг замирида яна бир муҳим жиҳат бор. Яъни, туризм ривожи нафақат йирик инвестиция лойиҳалари, балки оддий оилавий тадбиркорлик учун ҳам янги имкониятлар яратаётганини кўриш мумкин. Хонадонда меҳмон қабул қилиш, миллий таомлар тайёрлаш, ҳунармандчилик буюмларини таклиф этиш, маҳаллий экскурсия хизматларини ташкил қилиш каби йўналишлар аҳоли даромадларини ошириш билан бирга, Бухоронинг ўзига хос меҳмондўстлик муҳитини ҳам янада бойитмоқда.
Шу билан бирга, ҳудудда 32 та янги туроператор ва турагент фаолияти бошланди. Бу эса сайёҳлик хизматлари бозорида рақобат ва хизматлар хилма-хиллиги кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Туризмни фақат сайёҳнинг келиб, тарихий обидаларни томоша қилиши билан ўлчаб бўлмайди. Бир хорижий меҳмон Бухорога келар экан, у меҳмонхонада тунайди, овқатланади, транспорт хизматидан фойдаланади, гид ёллайди, ҳунармандчилик маҳсулотларини харид қилади, миллий маданият билан танишади. Демак, бир сайёҳ ортидан ўнлаб хизмат турларига талаб пайдо бўлади.
Шу маънода Бухорога келаётган миллионлаб меҳмонлар — ҳудуд иқтисодиёти учун ҳам улкан ҳаракат демакдир. Янги меҳмонхона — янги иш ўрни. Янги туроператор — янги хизмат. Янги сайёҳ — тадбиркор учун янги мижоз. Янги туристик йўналиш эса маҳаллий аҳоли учун янги даромад манбаи.


Шу боис бугун туризмни ривожлантириш масаласи Бухорода фақат сайёҳлик соҳасининг вазифаси эмас, балки иқтисодиёт, бандлик, тадбиркорлик, маданият ва ҳудуд инфратузилмаси билан чамбарчас боғлиқ жараён сифатида намоён бўлмоқда. Бундай натижалар мамлакатимизда туризм соҳасини стратегик йўналиш сифатида ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати билан ҳамоҳанг.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан туризмни иқтисодиётнинг муҳим драйверига айлантириш, туристик салоҳиятдан самарали фойдаланиш, янги туристик маҳсулотлар яратиш, хизматлар сифатини ошириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ҳудудларнинг сайёҳлик имкониятларини кенг намоён этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бухоро мисолида бу сиёсатнинг амалий самарасини кўриш мумкин. Асрлар давомида дунё цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган шаҳар энди ўзининг тарихий брендини замонавий туризм имкониятлари билан уйғунлаштириб, янги тараққиёт босқичига қадам қўймоқда.
Эътиборлиси, йил якунига қадар Бухорога 3,5 миллиондан ортиқ хорижий ва қарийб 5,5 миллион маҳаллий сайёҳ ташрифи кутилмоқда.
Агар бу кўрсаткичлар амалда таъминланса, Бухоро бир йилнинг ўзида миллионлаб инсонлар учун нафақат тарихий мерос, балки замонавий сайёҳлик имкониятларини намоён этган улкан туристик маконга айланади.


Бироқ рақамлар қанчалик катта бўлмасин, асосий масала — уларнинг ортида қандай сифат ва мазмун турганида. Сайёҳ Бухорога келиб, унинг обидаларини кўрибгина қолмаслиги, шаҳарнинг руҳини ҳис қилиши, миллий таомларидан татиб кўриши, ҳунармандлар маҳоратига гувоҳ бўлиши, маҳаллий аҳоли меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлиши ва яна бир бор келиш истаги билан қайтиши муҳим. Чунки ҳақиқий туризм — бу фақат меҳмонларни кўпайтириш эмас. Бу — меҳмон қалбида Бухорога муҳаббат уйғотиш санъати. Бухоро бугун ана шу юксак мақсад сари дадил одимламоқда.
Кўҳна шаҳарнинг минг йиллик деворлари кечаги тарихни асраётган бўлса, бугунги янги меҳмонхоналар, туристик маршрутлар, тадбиркорлик субъектлари ва замонавий хизматлар унинг эртанги қиёфасини яратмоқда. Зеро, Бухоро — фақат ўтмишга қараб яшайдиган шаҳар эмас. У ўзининг буюк тарихидан куч олиб, келажак сари интилаётган, дунёга янада кенг очилаётган навқирон ва бетакрор маскандир. Шу маънода Бухорога келаётган ҳар бир сайёҳ — тарихга ташриф буюрган меҳмон эмас, балки бу муқаддас заминнинг бугунги тараққиётига гувоҳ бўлаётган дунё фуқаросидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири