Бухоро – Грозний: биродарлашган шаҳар
Бухоро шаҳри ҳамда Россия Федерациясининг Чеченистон Республикаси пойтахти Грозний шаҳри ўртасида биродарлашган шаҳарлар мақомини белгиловчи ҳамкорлик битими имзоланди.
Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган музокарада Бухоро шаҳри ҳокими Қурбон Турсунов ҳамда Грозний шаҳри мери Хас Магомед Кадийров иштирок этди. Ушбу муҳим ҳужжат икки шаҳар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Томонлар ушбу ҳамкорлик доирасида тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, маданий-маърифий, иқтисодий-ижтимоий соҳаларда тажриба алмашинувлар, олий таълимда банд бўлган ёшлар малака оширишларини ташкиллаштириш каби йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида келишувга эришди. Тадбир доирасида икки шаҳар мутасадди вакиллари ўртасида музокаралар ўтказилиб, томонлар савдо-иқтисодий, туризм, шаҳарсозлик ва экология соҳаларидаги ўзаро манфаатли ташаббусларни илгари сурди.
Биродарлашган шаҳарлар мақоми Бухоро ва Грозний ўртасидаги тарихий, маданий ва ижтимоий алоқаларнинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилиши кутилмоқда. Албатта, ушбу ҳамкорлик икки халқ ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамликни янада мустаҳкамлайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.