Бухоро давлат университетининг Педагогика институти очилди
Бухоро давлат университетининг Педагогика институти мукаммал таъмирдан чиққан ўқув биноси ва талабалар турар жойини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда таъкидланганидек, кейинги йилларда таълим-тарбия масаласига комплекс ёндашган ҳолда, боғча таълими билан бирга олий таълим тизимини ҳам узвий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактабгача таълим ҳамда олий таълимни ривожлантириш дастурлари қабул қилинди. Шу асосда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 февралдаги “Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мазкур замонавий бинода Бухоро давлат университетининг Педагогика институти ташкил этилди.
[gallery-4129]
Бу олий даргоҳ замонавий билим ва кўникмаларига эга, мамалакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшувчи юқори малакалари педагог кадрларни етказиб беришга хизмат қилади. Зеро, 900 ўринли янги институт ўқув биносининг реконструкцияси учун давлат бюджети ҳисобидан 6,5 миллиард сўм, 400 ўринли институт талабалар турар жойининг мукаммал реконструкцияси учун 5,8 миллиард сўм, институт моддий*техник базасини ривожлантириш учун Бухоро давлат университети маблағлари ҳисобидан 3,5 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Мазкур институтга бу йил 19 та таълим йўналишида 2 минг 643 нафар талаба қабул қилинди. Жумладан, кундузги таълим йўналишида 1 минг 624 нафар, сиртқи таълим йўналишида 830 нафар, кечки таълим йўналишида 189 нафар талаба таҳсил олмоқда. Шунингдек, хорижий тил ва адабиёти йўналишида таълим олаётган 200 нафар талабадан 106 нафарида тил билиш сертификати мавжуд. Талабалар сафига қабул қилинган 4 нафар талаба эса кириш имтиҳонлари (тест) натижаларига кўра, энг юқори балл тўплаб, Президент гранти соҳибларига айланди.
Жисмоний маданият йўналиши талабаларининг 47 нафари Ўзбекистон ва халқаро спорт мусобақалари ғолиблари ва совриндорлари сифатида ўқишга қабул қилинган бўлса, магистратура мутахассислиги бўйича 8 та йўналишда 48 нафар талаба таҳсил олмоқда. Ҳозирда институтда 86 нафар профессор-ўқитувчи фаолият олиб бораётгани инобатга олинса, олийгоҳ педагогик жамоаси илмий салоҳияти 29 фоизни ташкил қилмоқда.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов қатнашди.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА