Бутунжаҳон стандартлар куни: инновациялар ва илғор технологиялар кўргазмаси ташкил этилди
14 октябрь — Бутунжаҳон стандартлар куни муносабати билан “INNO” инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопаркида “Стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларидаги инновацион ғоялар ва ишланмалар” кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбирда АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Италия, Нидерландия, Швейцария ва бошқа давлатлардан келган халқаро экспертлар, шунингдек, вазирлик ва идоралар вакиллари, маҳаллий ҳамда хорижий олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.
Жорий йилги Бутунжаҳон стандартлар кунининг “Яхшироқ дунё учун умумий қараш: BRM 7 — Ҳамёнбоп ва тоза энергия” шиори барқарор ривожланиш, энергия самарадорлиги ва экологик тоза технологияларни кенг жорий этишда халқаро стандартларнинг аҳамиятига эътибор қаратади.
[gallery-31945]
Кўргазма стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида яратилган инновацион ишланмаларни намойиш этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда маҳаллий ва хорижий мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш учун майдон бўлиб хизмат қилди.
Тадбир доирасида миллий ва халқаро стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш, замонавий ўлчаш воситалари ва технологиялари, маҳсулот ва хизматларнинг мувофиқлигини баҳолаш, синов ва сертификатлаш тизимларига оид ечимлар намойиш этилди.
Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, рақамли технологияларни жорий этиш, маҳсулот сифатини ошириш ва миллий маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Стандартлаштириш ва метрология тизимининг ривожланиши маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда халқаро савдода техник тўсиқларни камайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан, мазкур кўргазма инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этиш ва соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим имконият яратди.
Ҳамроз Баёнов, Ўктам Ҳаитов (сурат), ЎзА