Бутун жаҳонга тааллуқли мерос
Шу кунларда мамлакатимиздаги барча олий таълим масканларида Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тадбир Юнус Ражабий номидаги Ўзбек Миллий мусиқа санъати институтида ҳам ташкил этилди.
Тадбирда буюк мутафаккирлар ижодининг ўзига хос жиҳатлари хусусида сўз юритилди.
– Ҳазрат Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур шеърияти мусиқа билан суғорилган, – деди Ўзбек Миллий мақом санъати маркази бош директори, мусиқашунос олим Сойибжон Бегматов. – Жумладан, Навоийнинг асарларида 12 мақомнинг барча оҳанглари мавжуд. Навоий ҳам, Бобур ҳам катта бир ҳаёт мактабини ўтаганларки, унда ўқимаган ишлари, ёрдам қилмаган соҳалари, устозликда кўрсатмаган кўмаклари қолмаган. Шунинг учун ҳам уларнинг ижоди биз учун ибратдир. Мусиқа билан шуғулланган мутафаккирларнинг бари мусиқачи бўлмаган. Кимдир файласуф, Ибн Сино табиб, бошқа алломаларимиз давлат арбоби бўлгани тарихдан маълум. Агар уларнинг кўмаклари бўлмаганида эди, миллий мусиқа санъатимиз бу қадар ривожланмаган бўлар эди. Масалан, Навоий ёрдами билан созандаларнинг кўпи шуҳрат топган. Буларни биз “Маҳбуб ул-қулуб”да, “Мажолис ун-нафоис”да, ҳатто “Лисон ут-тайр”да кўрамиз. Мусиқа илмининг яратилиши жараёнлари ҳақида ҳам Алишер Навоий ўз асарларида айтиб ўтган.
Иккинчи томондан, Навоий ўз замонасининг буюк инсонларига мурожаат этиб, мусиқий илм қилишни айтганлар. Жумладан, гарчи унгача Зайнилобиддин Ҳусайний, Нажмиддин Кавкабий, Биноий томонидан яратилган рисолалар бўлса-да, Ҳазрат Абдураҳмон Жомийга бориб мусиқий рисолалар яратилиши хусусида мурожаат этганлар. Навоий ғазаллари билан куйланадиган ашулаларни тинглаш билан бирга унинг шеърияти, асарларини ҳам ўқиш керак. Бунинг учун эса катта эътиқод зарур. Навоийни англаш учун эса идрок, истеъдод зарур, деб ўйлайман.
– Алишер Навоийни оламшумул инсон бўлгани учун, бутун дунё тан олгани учун улуғлаймиз, – деди навоийшунос олим Азизулло Орол. – Навоий асарларининг тили, сўзи бизникидир. Дунёқараши, тафаккури эса бутун жаҳонга тааллуқли. Маълумки, Алишер Навоий икки тилда – туркий ва форсийда ижод қилган. У форс тилини ширинликка қиёсласа, туркий тилдаги ижодини олтин, дурга ўхшатади. Навоий бугун ҳам биз билан яшаб юргандек, ҳаётимизнинг барча қирраларини кўриб, кўздан кечириб, бизга айтиб бераётгандек гўё. Жумладан, бугун ҳам долзарб бўлган тинчлик, адолат, инсон ҳуқуқлари, аёлларга ҳурмат ва эҳтиром, табиат ва атроф-муҳит муҳофазаси ва бошқа барча жабҳалардаги мавзулар унинг асарларида ўз ифодасини топган. Шунинг учун ҳам унинг асарларини ўқиш, ўрганиш муҳимдир.
Тадбирда мутафаккир шоир боболаримиз ижодининг тарбиявий аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди. Мумтоз куй-қўшиқлар янгради.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири