Бутун дунёда тиббиёт текин эмас
Мамлакатимизда сўнгги уч йилда тиббиёт соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Мамлакатимизда сўнгги уч йилда тиббиёт соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Шунга қарамай, ҳали соҳада хусусан, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида муаммолар бор. Тиббиёт муассасалари, хусусан, 16 та республика илмий-амалий тиббиёт марказига йўналтирилаётган имтиёзли тоифадаги беморларга бериладиган бепул йўлланма – ордерлар ажратилишида шаффофлик таъминланмаган. Узоқ муддатли навбат кутишлар беморларни ортиқча овора қилмоқда...
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатишдаги мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, йўлланма – ордер олиш учун мижоз яшаш жойи бўйича қишлоқ врачлик пунктларига, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаларига мурожаат қилади. Улар томонидан тиббий ёрдам олиш даражасига қараб, тиббиёт бирлашмаларининг тегишли марказий кўп тармоқли поликлиникаларига йўлланма берилади. Имтиёзли тоифага кирадиган йўлланма берилган мижозларга бепул тиббий ёрдам кўрсатиш учун тиббий-танлов комиссиясининг хулосаси асосида ордер расмийлаштирилади.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Халқимиз орасида "тиббий хизматлар бепул", "текин тиббий хизмат" деган тушунча бор. Тиббиёт муассасаларида ҳам ана шундай ёзувларга кўзимиз тушади. Ҳақиқатда текин хизмат ёки бепул тиббий хизмат кўрсатиш ёки олиш мумкинми?
– Йўқ. Сабаби уларга кетадиган дори-дармон ва бошқа харажатларни қаердандир қоплаш керак-ку?! Беморлар текин хизматдан фойдаландик, деб ўйлашлари мумкин. Аслида уларга кўрсатилган хизматлар давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштирилган бўлади, – дейди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Юсупалиев. – Аҳолимиз бир нарсани тўғри тушунишини хоҳлардим. Бутун дунёда тиббиёт текин эмас. Бемор ўз ҳисобидан ёки давлат бюджети ҳисобидан даволаниши мумкин.
Ўз соғлиғига бепарво бўлмаган масъулиятли фуқаролар қуйи босқичларда тиббий кўриклардан ўтиб, тўғридан-тўғри ордерсиз ихтисослаштирилган муассасаларга мурожаат қилса-чи? Шундай бўлган тақдирда, марказ томонидан тартибли мижозларни рағбатлантириш, яъни беморнинг аҳволига қараб, унинг навбатини тезлаштириш ёки тўловни амалга оширишда имтиёзлар қўллаш мақсадга мувофиқ эмасми?
Депутатлар томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиларига ана шундай таклифлар билдирилди. Ордернинг ҳар кимга ҳам эмас, балки айнан эҳтиёжманд фуқарога ажратилишига эришиш, ордер ажратишни бир идора тасарруфидан чиқариш, барча юртдошларимиз очиқлик тамойили асосида йўлланмаларнинг ажратилишини кузатиб боришларини таъминлаш тизимини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Токи, ҳар бир имтиёзли тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга юртдошимиз давлатимизнинг кўрсатаётган кучли ижтимоий ғамхўрлигини амалда ҳис этиб турсин.