“Бугунги ўқувчиларни кўриб кўзим қувнайди”
“Уруш — вайронагарчиликлар, жароҳатлар, миллионлаб қурбонлар, оч-наҳор болалар... У кунлар фақатгина хотираларда, тарихда қолгани рост бўлсин. Болаларимиз ҳеч қачон уруш кўрмасин!”
Пайариқ туманининг “Зарафшон” маҳалласи Ривоч қишлоғида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Маҳмадали Сиддиқов хотираларини ушбу сўзлар билан бошлайди. Фашизмга қарши курашда жон олиб, жон берган юртдошларимиз сафида мардонавор жанг қилиб, ёруғ юз билан Ватанига қайтган Маҳмадали бобо урушдан кейинги ҳаётини таълим-тарбияга бағишлади.
[gallery-6986]
– Урушдан олдин педагогика техникумида ўқирдим, - дейди Маҳмадали бобо. – Урушдан қайтгач ҳам мақсад ўзгармади, кимё мутахассислиги бўйича олий маълумот олиб, ўз ҳудудимиздаги собиқ 34-, ҳозирги 88-мактабда 40 йил ёшларга таълим-тарбия бердим. Бу вақт оралиғида таълим муассасага раҳбарлик қилдим. Ҳозирги ўқувчи ёшларни кўриб кўзим қувнайди. Замонавий мактабларда билим олиш қандай бахт. Биз имкониятдан келиб чиқиб ташкил қилинган мактабларда ўқиганмиз, таълим-тарбия берганмиз. Бугунги ўқувчиларда ҳамма имконият бор, фақатгина ўқиш, ўрганиш керак. Билимли, ақлли ёшлар кўпайса, юртимиз янада юксалади, дунё билан бемалол бўйлашади. Илоҳим, мана шундай фаровон кунларимиз бардавом бўлсин!
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Маҳмадали бобонинг хонадонига Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Аловиддин Иноғомов, Пайариқ тумани ҳокими Зафар Эргашев, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги масъуллари ва жамоатчилик вакиллари бориб, отахонни байрам билан табриклади. Уруш қатнашчисига Президентимизнинг байрам табриги, эсдалик совғалари ҳамда пул мукофотлари тантанали топширилди.
Маҳмадали Сиддиқов уруш азоб-уқубатлари, бугунги тинч-тотув ҳаёт қадри ҳақида сўзлаб, юртимиз тинчлиги, ободлиги бардавом бўлишини тилаб дуога қўл очди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА