Бугун “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” ғолиб ва совриндорлари тақдирланади
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил февраль ойида ёшлар билан мулоқоти давомида олимпия спорт турлари бўйича талаба-ёшлар орасида мусобақалар тизимини йўлга қўйиш асносида таълим муассасаларида оммавий спорт ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш лозимлиги таъкидланган эди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил февраль ойида ёшлар билан мулоқоти давомида олимпия спорт турлари бўйича талаба-ёшлар орасида мусобақалар тизимини йўлга қўйиш асносида таълим муассасаларида оммавий спорт ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш лозимлиги таъкидланган эди.
Юртимизда оммавий спорт ривожи қаторида профессионал спортчи- талабаларни саралаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакатимиздаги 168 та олий таълим муассасасида таҳсил олаётган 160 минг нафарга яқин талаба-ёшлар мазкур ўзига хос мусобақалар билан қамраб олинди.

Шу йилнинг 6-20 апрель кунлари олий таълим муассасасида кафедра ва факультетлараро ўтган 1-босқич мусобақалари ҳамда 1-15 май кунлари ҳудудий олий таълим муассасалари ўртасида ташкил этилган 2-босқич баҳсларида талаба-ёшлар 7 та спорт тури - баскетбол 3х3, волейбол, гандбол, енгил атлетика, стол тенниси, сузиш ва футбол турнирларида республика финал босқичига чиқиш йўлида кураш олиб борди. Бу, жойларда оммавий спорт ҳаракати ривожига салмоқли таъсир кўрсатди.

Айни кунларда пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” ва Чирчиқдаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети майдонларида биринчи ва иккинчи босқичдан муваффақиятли ўтган ёшлар “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” ғолиблиги учун баҳс олиб бормоқда.
Бугун, 9 июнь куни юртимиз талабалар ҳаётида янги саҳифа очган олимпиада дастуридан ўрин олган гандбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси ва сузиш йўналишларида финал мусобақалари бўлиб ўтади.
“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” мусобақасининг кеча ўтказилган футбол баҳсларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Муросасиз ва шиддатли кечган финал ўйинида Жиззах давлат педагогика университети жамоаси Қорақалпоқ давлат университети футболчиларини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақанинг олтин медалларини қўлга киритди. 3-ўрин Термиз давлат университети жамоасига насиб этди.
Шунингдек, кеча Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида гандбол бўйича қизлар жамоалари ўртасида кечган ярим финал баҳсларида Наманган давлат университети Навоий давлат университети жамоасини 35:30 кўринишида доғда қолдирди.
Энди Наманган давлат университети жамоаси қизлар ўртасидаги гандбол мусобақаларининг финал босқичида Андижон давлат педагогика университети жамоасига қарши майдонга тушади.

Гандбол бўйича йигитлар жамоалари ўртасидаги ярим финал баҳсида Андижон давлат педагогика университети Фарғона давлат университети жамоасига 23:40 ҳолатида ютқазиб қўйди.
Бу, финалда Фарғона жамоаси Наманган давлат университети гандболчиларига рўбарў келишига олиб келди.
Бугун “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси”нинг сўнгги мусобақалар куни. Ҳаяжонларга бой баҳслар якунида ҳар бир йўналишда ғолиб ва совриндорликка эришган жамоалар, умумий кўрсаткичлар ҳолатида етакчиликни қўлга киритганлар тақдирланади.
Т.Рўзиев,
ЎзА