Бугун туғилган кун
Шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Матназар Абдулҳаким 1948 йил 20 февралда Хоразм вилояти Урганч туманида туғилган.
20 февраль (хотира)
Шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Матназар Абдулҳаким 1948 йил 20 февралда Хоразм вилояти Урганч туманида туғилган.
Матназар Абдулҳаким Россия Федерацияси Таганрог давлат педагогика институтида таҳсил олган. У Урганч туман рўзномасида бўлим мудири, мактабларда рус тили ва адабиёти муаллими бўлиб ишлади. Журналистика билан шуғулланди. 1982-1997 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи, 1997 йилдан умрининг охиригача Хоразм Маъмун академиясида илмий ходим бўлиб ишлади.
Дастлабки тўплами – “Тиниқ тонглар” 1982 йилда чоп этилди. Шундан сўнг “Фасллар қўшиғи”, “Қор қўшиғи”, “Мавж”, “Ёнимдаги дарёлар”, “Қорачиқдаги дунё”, “Ойдинлик”, “Бир қучоқ гул”, “Иймон туҳфаси”, “Ёлғиз япроқ”, “Ялдони ёритган нур”, “Жавзо ташрифи”, “Кўприк” каби китоблари босилиб чиқди.
Матназар Абдулҳаким бадиий таржима билан ҳам шуғулланиб, Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Мажидиддин Бағдодий, Паҳлавон Маҳмуд, Мирзо Абдулқодир Бедил каби шоирларнинг рубоий ва ғазаллари, шунингдек, бошқа қатор халқлар шоирларининг шеърларини ўзбекчага ўгирди.
Шоир 2010 йилда вафот этган.
ИККИ ТЎРТЛИК
Қаламнинг ичида қора тош эмас,
Ёзилажак қўшиқ ётибди ухлаб.
Шу қадар қаттиқки унинг уйқуси,
Уйғотса бўлади фақатгина тиғлаб.
* * *
Шоир қалам олса — синиб олтин қафас,
Сўз кўкда чарх уриб яйраётгани.
Шоир қалам олса — булбул шохга эмас,
Шох булбулга қўниб сайраётгани.
***
PS: Сайтимизда ташкил этилган “Бугун туғилган кун” лойиҳасида турли соҳаларда мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшган ва қўшаётган инсонлар, давлат ҳамда жамоат арбоблари, академиклар, эл севган ижодкорлар ҳамда касби, танлаган йўлида юқори натижаларга эришаётган ватандошларимизнинг туғилган кунлари эсга олинади.
Мазкур рукнга оид фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ёки қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.
Телеграм: @UzA_pochta, @Ikrom_Avvalboyev
E-mail: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru
Телефон: (71) 233-42-84, (71) 233-21-37
Сайтимизни кузатиб боринг!