Бугун Суперлиганинг 27-тури старт олади
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 27-тур баҳслари бугун, 5 ноябрь куни старт олади ва 8 ноябрь кунига қадар давом этади. Турнинг илк учрашувида «Бунёдкор» ўз майдонида «Хоразм» жамоасига қарши ўйнайди. Беллашув соат 18:30 да бошланади.
Ўзбекистон Суперлигасида 27-тур баҳслари 6 ноябрь куни давом этади. Эртага «Сўғдиёна» ва «Динамо» жамоалари ўзаро куч синашади. Учрашув соат 18:30 да бошланади.
7 ноябрь кунги ўйинлар дастуридан учта беллашув ўрин олган. Соат 16:00 да «Андижон» — «Локомотив» учрашуви старт олади. Ундан 15 дақиқа кейин «Машъал» — «Сурхон» баҳси бошланади. Куннинг сўнгги ўйинида соат 18:30 да «Қизилқум» «Навбаҳор»ни қабул қилади.
8 ноябрь куни яна учта учрашув ўтказилади. Соат 16:00 да «Нефтчи» — ОКМК ҳамда «Бухоро» — «Насаф» баҳслари бошланади. Соат 18:15 да эса «Пахтакор» ва «Қўқон-1912» жамоалари майдонга тушади.
26-тур якунларига кўра, «Нефтчи» 25 та учрашувдан кейин 58 очко билан мусобақа жадвалида пешқадамлик қилмоқда. 26 та ўйин ўтказган «Пахтакор» 56 очко билан иккинчи, «Навбаҳор» эса 52 очко билан учинчи ўринда бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА