Бугун Суперлиганинг 22-тури доирасида икки учрашув бўлиб ўтади
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 22-туридан ўрин олган икки учрашув ўтказилади.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, дастлаб Ғузордаги «Марказий» стадионида соат 18:00 да «Машъал» — «Пахтакор» баҳси бошланади. Куннинг иккинчи учрашуви Тошкентдаги «Жар» стадионида «Бунёдкор» ва «Бухоро» жамоалари ўртасида ўтказилади. Мазкур баҳс соат 20:15 да старт олади.
«Машъал» — «Пахтакор» баҳси олдидан жамоаларнинг шу кунга қадар чемпионатларимиз доирасида ўтказган ўйинлари статистикасига назар ташласак. Клублар ўзаро 41 марта тўқнаш келган. Уларнинг 30 тасида «Пахтакор» ғалаба қозонган, «Машъал» 5 та учрашувда зафар қучган. Яна 6 баҳсда дуранг қайд этилган.
Ўзаро учрашувларда «Пахтакор» 84 та гол урган бўлса, «Машъал» 26 марта рақиб дарвозасини ишғол қилган. Ғузордаги 20 беллашувда пойтахтликлар 11 марта ғалаба қозониб, 5 та дуранг ва 4 та мағлубият қайд этган.
Қайд этиш жоиз, Суперлиганинг 22-тури кеча бошланди. Дастлабки баҳсда «Навбаҳор» ўз майдонида «Динамо» устидан 3:2 ҳисобидаги ғалаба қозонди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА