Бугун – Қурилиш соҳаси ходимлари куни
Бу сана нафақат бунёдкорлик, балки ҳар бир қурилаётган уй-жой ва иншоотнинг инсон ҳаёти учун қанчалик хавфсиз бўлиши ҳақида ҳам ўйлашга ундайди.
Ўзбекистон сейсмик фаол ҳудудда жойлашгани боис қурилишда зилзилабардошлик масаласи алоҳида аҳамиятга эга. Шу мақсадда мамлакатимизда сейсмология, зилзила муҳандислиги ва қурилиш сифатини назорат қилиш йўналишларида тизимли ишлар олиб борилмоқда. 2026 йилда Тошкентда Осиё сейсмологик комиссиясининг XVI Бош Ассамблеяси ўтказилгани ҳам соҳадаги илмий тадқиқотларнинг аҳамияти юқори эканини кўрсатади.
Бугун қурилиш объектларида лаборатория назорати ҳам кучайтирилмоқда. Масалан, Наманган вилоятида кўп қаватли уй-жой қурилишида темир-бетон конструкциялари махсус лабораторияда синовдан ўтказилиб, уларнинг давлат стандартлари ва меъёрий талабларга мувофиқлиги текширилган.
Тошкентда эса қурилаётган кўп қаватли биноларнинг зилзилабардошлик даражаси, қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва техник ҳолати махсус назорат тадбирлари орқали ўрганилмоқда.
Эътиборли жиҳати, 2025 йилда Тошкентда қурилаётган 9 қаватли турар жой биноси вибродинамик ускуна ёрдамида синовдан ўтказилган. Синов жараёнида бино конструкцияларига 8 балли зилзилага тенг тебраниш таъсири берилиб, унинг барқарорлиги баҳоланган.
Бундан ташқари, қурилиш-синов лабораториялари замонавий ускуналар билан жиҳозланиб, айрим ҳудудларда кўчма лабораториялар ҳам ишламоқда. Бундай лабораторияларда қурилиш материалларининг мустаҳкамлиги ва меъёрларга мувофиқлиги объектнинг ўзида текширилаётгани қурилиш сифатини тезкор назорат қилиш имконини бермоқда.
Зеро, яхши қурилиш — фақат чиройли бино эмас. Энг муҳими, у инсонга ишонч, хотиржамлик ва хавфсиз ҳаёт бағишлаши керак.
Нигора Раҳмонова, ЎзА