Бугун – Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллуд топган кун
МАЪРИФАТ УЛАШГАНЛАР МУДОМ БАРҲАЁТ
2020 йил қанчалик синовли келмасин, унда кўнгилга нур, эзгулик улашувчи недир яхшиликлар, савобли амаллар, хайрли ташаббуслар ҳам оз бўлгани йўқ.
Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний сингари маърифатпарвар боболаримиз “Буюк хизматлари учун” орденига муносиб кўрилгани улар хотирасига бўлган чексиз ҳурмат, халқ маърифати йўлида умрини аямаган, жонини фидо қилган боболаримизнинг эзгу амалларининг ёрқин ва юксак эътирофи бўлди, десак янглишмаймиз.
Қизиқ, асосан истиқлол йилларидагина уларнинг эзгу амаллари ҳақида баралла айтила бошлангани боисданми, кўпчиликда бу азиз сиймолар фақат тарихга оид китоблар саҳифаларидан жой олган шахслардек тасаввур уйғотар эди. Мустабид тузум зуғуми маърифатпарвар боболаримизнинг ақалли одамга ўхшаб энг сўнгги маконда қўним топишига ҳам имкон бермаганига доир тарихий маълумотлар юракларни сирқиратмай қолмайди. Нега, нима учун? Тарихчи олимларимиз бунинг сабабини маърифатпарвар боболаримиз халқимизни манқуртликдан, истилочиларнинг зулмидан мудом огоҳ этиб келгани, одамлар, айниқса, ёшларни илмга, демакки, нурга, зиёга, маърифатга чорлагани, атрофга теран нигоҳ, уйғоқ виждон билан қарашга ундаганида, деб билади.
Суратлари, эзгу амаллари эндиликда китоблару музейларда учрайдиган бу зотларни тарих саҳифаларида қолиб кетган, десак, қаттиқ янглишган бўламиз. Уларнинг авлодлари бугунги кунда мамлакатимиз илм-фани, маънавияти, маданияти ва санъати соҳасининг энг олдинги сафларида фаолият олиб бораётган илғор, фидойи ижодкор зиёли вакилларидир.
2020 йилнинг декабрь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги катта тантана билан нишонланди. Мамлакатимизнинг барча таълим масканлари, адабий давраларда улуғ маърифатпарвар бобомизнинг таваллуд санаси кенг нишонланди. Халқ дардида яшаб ижод этган бу улуғ зотнинг таваллудига 2021 йил январида 146 йил тўлди. Айрим манбаларда унинг санаси билан боғлиқ кунни 20 январь, бошқаларида эса 19 январь, деб келтирилган. Эҳтимол, бу ҳам мустамлака тузумининг Беҳбудийдек улуғ зотнинг таржимаи ҳолига янада чалкашлик, мавҳумликлар киритиш йўлидаги интилиши бўлса, не ажаб.
Манбаларга кўра, таниқли драматург, публицист, дин ва жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йил Самарқандда туғилган. Мутахассислар Беҳбудийни ота томонидан Яссавий авлодидан эканини таъкидлайди. У 18 ёшидан қозихонада мирзалик қилади, қози, муфти даражасига кўтарилади. Беҳбудий ҳаж сафари чоғида Арабистон, Миср, Туркияда бўлади. Саёҳат давомида янги мактаб очиш фикри унинг қалбида тобора мустаҳкамланиб борди.
Тарихчиларнинг айтишича, улуғ мутафаккир Самарқанд яқинидаги қишлоқларда маърифатпарвар зиёлилар билан ҳамкорликда янги мактаб очишга муваффақ бўлади. Янгича йўналишдаги мактаблар табиийки, янгича дарсликларни ҳам талаб этарди. Устоз Беҳбудийнинг янги мактаблар учун дарсликлар тузишга киришишдек нияти амалга ошиб, «Савод чиқариш китоби», «Аҳоли географиясига кириш», «Қисқача умумий география», «Болалар хати», «Амалиёти ислом», «Тарихи ислом» каби китоблар чоп эттиради. Кейинчалик янгича усулдаги мактаб фаолиятини ўз ҳовлисида олиб боради.
Беҳбудий 1911 йилда «Падаркуш» драмасини ёзди. Бу биринчи ўзбек драмаси эди. Бу ташаббус миллий театр санъатимизда кейинчалик янги-янги саҳна асарларининг яратилишига туртки берди. Улуғ мутафаккир бобомизнинг фаолияти миллий журналистика билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. Беҳбудий «Самарқанд» газетасини чиқаради. Газета ўзбек ва тожик тилларида, ҳафтада 2 марта чоп этилди. 45-сони чиққач, моддий танқислик туфайли нашр тўхтаган экан. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, у «Ойна» журнали чиқара бошлади. Журнал Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Туркиягача тарқалди.
Тадқиқотчиларнинг айтишича, ўтмишда яшаган аждодларимизни ўрганиш жараёнида Маҳмудхўжа Беҳбудий шахсиятига келганда қомусий ақл эгаси, инсонпарвар шахс экани алоҳида эътироф этилади. Аллома тарих фанини инсоннинг камол топиши, жамиятни бошқаришда бу фаннинг ўрни беқиёслигини таъкидлайди. Беҳбудийнинг жамият ривожи ва тараққиётида тарих фани қандай ўрин тутиши керак, деган қарашга бўлган муносабати илмий мақолаларида ўз аксини топади. Беҳбудий тарих ва жуғрофиянинг муҳимлиги, бу икки фаннинг жадид мактабларида кеча ёки бугун кашф этилмагани, балки жамият ҳаётида қадимдан мавжуд бўлганини исботлайди. Табиий ва ижтимоий фанларни “ақлли илмлар”, деб номланган умумий тушунча остида бирлаштиради. Инсон халқлар, мамлакат, ислом тарихини билмай туриб, оддий мусулмон фуқаросидан тортиб, давлат арбоби, руҳоний, олим ва фузало бўла олиши асло мумкин эмас, деб ёзиб қолдиради.
Беҳбудийнинг тараққийпарвар ғоя ва қарашлари, эзгу интилишлари бугун ҳам долзарблигича қолмоқда. Бу жиҳатлар унинг ҳақ-ҳуқуқларига инсоннинг ўзигина қалқон бўла олиши, бир эмас, бир неча хорижий тилларни билмоғи, мудом ўзлигини, миллий илдизлардан олисламаган ҳолда яшамоғи кераклигига оид қимматли фикрларида ҳам ўз ифодасини топгани билан аҳамиятлидир.
Маърифатпарвар бобомизнинг юбилей санасига бағишланган тадбирда унинг эвараси Шоҳруҳ Беҳбудийнинг ҳаяжондан ғоят энтикканлари, катта бобосининг эзгу ишлари бугун Президентимиз, илмий жамоатчилик, ёзувчи ва шоирларнинг, бутун халқимизнинг эътиборида, эъзозида эканидан тўлқинланиб сўзлагани ҳануз кўз ўнгимдан кетмайди. Мамлакатимизда таълим-тарбия, маданият ва санъат, илм-фанга кўрсатилаётган эътибор, шиддатли ислоҳотлар одимлари Беҳбудий орзу қилган ғояларнинг амалий тасдиғи эканига чин дилдан ишонч ҳосил қиламан. Ҳа, маърифатпарвар боболаримиз юртимиздаги ҳаётбахш ғоялар ижобатида ҳамон барҳаётдир!
Назокат УСМОНОВА, ЎзА