Бугун Жаҳон диабетга қарши кураш куни
Бутун дунёда нишонлаб келинаётган “Қандли диабетга қарши кураш куни” – “World Diabetes Day” 1991 йил Халқаро диабет федерацияситомонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда таъсис этилган.
Мазкур сана канадалик шифокор, физиолог Фредерик Бантинг туғилган куни билан боғланади. Бантинг ҳамкасблари Жон МакЛеод ва Чарльз Бест билан бирга қон таркибидаги шакар ёки глюкоза миқдорини тартибга солувчи гормон – инсулинни кашф этган. Бунинг учун олим Нобель мукофотига сазовор бўлган.
2006 йил 20 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси Жаҳон қандли диабетга қарши кураш кунини белгилаш тўғрисида резолюция қабул қилди. Ҳужжатда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш, даволаш хизматидан фойдаланиш, тиббий таълим олиш бўйича кўп томонлама саъй-ҳаракат зарурлиги эътироф этилган. Бош Ассамблея шунингдек, барча аъзо давлатларга диабетнинг олдини олиш, ушбу хасталикни даволаш ва парвариш қилиш бўйича миллий стратегия ишлаб чиқишни тавсия қилди.
Қандли диабет жиддий, сурункали касаллик бўлиб, ошқозон ости бези етарли миқдорда инсулин ишлаб чиқармаганда ёки организмда етиладиган инсулин самарали ишлатилмаганда ривожланади. Ҳозирги вақтда қандли диабетнинг икки тури мавжуд. 1-тоифа инсулинга боғлиқ, асосан 30 ёшгача бўлганларда кузатилади. 2-тоифа инсулинга боғлиқ эмас. Бундай беморларда инсулин ишлаб чиқарилади ва парҳезга риоя қилиш, фаол ҳаёт тарзига одатланиш орқали улар шакар даражасини узоқ вақт давомида меъёрида ушлаши, асоратнинг олдини олиши мумкин.
1-тоифа диабетнинг белгилари тўсатдан пайдо бўлиши мумкин. Бунга кўп сийиш (полиурия), ташналик (полидипсия), доимий очлик, вазн йўқотиш, кўриш қобилияти ўзгариши ва чарчоқ киради. 2-тоифа, асосан, ортиқча вазн ва жисмоний ҳаракатсизлик натижасида юзага келади.
ЖССТ маълумотига кўра, сўнгги 40 йил ичида дунёда қандли диабет билан касалланганлар сони тўрт баробар кўпайган. Ушбу ягона жиддий юқумли ҳисобланмайдиган касалликда эрта ўлим хавфи камаймасдан, аксинча тобора ортмоқда.
Халқаро қандли диабет федерацияси маълумотига кўра, ҳозир сайёрамизда мазкур хасталикка чалинган 537 миллион ёши улуғ киши бор. Яъни, катта ёшли аҳолининг ҳар ўнинчиси “қанд” билан оғриган. Бундай бемор тўғри даволанмаса, хасталик кўрлик, оёқ-қўл ампутацияси, буйрак етишмовчилиги, юрак хуружи, инсульт каби асоратлар келиб чиқади.
С.Раҳимов,
ЎзА