Бугун – Бутунжаҳон руҳий саломатлик куни
Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу йўналишда қатор муҳим ишлар амалга оширилмоқда. ССВ Матбуот хизмати томонидан ташкил этилган брифингда Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази директори Зариф Ашуров бу борадаги ютуқлар ва келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот берди:
– Президентимизнинг 2023 йилда қабул қилган тегишли қарори асосида психиатрия ва наркология хизматлари ягона ташкилий-услубий тизимда мувофиқлаштирилди. Бу ташхис, даволаш ва реабилитация жараёнларининг ўзаро боғлиқлигини кучайтиришга хизмат қилди.
Шунингдек, бирламчи тиббий бўғинда руҳий ва наркологик муаммоларни эрта аниқлаш бўйича олтита клиник алгоритм ишлаб чиқилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг MEDIGAP дастури асосида шифокорлар малакаси оширилди.
2023 йилдан буён PhD ва фан номзодлари сони 70 фоизга, Doctor of Sciens ва фан докторлари сони эса 40 фоизгача ошди. Эндиги асосий вазифамиз мавжуд хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш ва уларнинг самарадорлигини оширишдан иборат.
Бунда биринчи навбатда 2027 йилдан маҳалла, оила тамойили асосида хизматларни мувофиқлаштириш кўзда тутилмоқда. Марказнинг 14 та ҳудудий филиали ва 209 та туман-шаҳар даражасида мултидисциплинар жамоалар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу нима беради? Энг муҳими, фуқаро зарур тиббий ва психологик ёрдамни имкони борича яшаш жойига яқин манзилда олади.
Иккинчидан, муҳим вазифамиз – профилактикани кучайтириш. Оила, маҳалла ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда, айниқса, болалар ва ёшлар орасида руҳий бузилишлар ҳамда қарамлик хавфларини эрта аниқлаш ва олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, оилавий поликлиника даражасида эрта аниқлаш тизими кенгайтирилади. Оилавий шифокорлар дастлабки баҳолашни амалга ошириб, зарурат бўлганда беморни мутахассисга, яъни психиатр, нарколог ёки тиббий психологга йўналтиради. Яна бир муҳим йўналиш – беморни фақат стационар шароитда эмас, балки кундузги қатнов, уй шароитида қўллаб-қувватлаш ва реабилитация хизматлари орқали ҳам қамраб олиш.
Дунё олимлари нигоҳи ҳам Ўзбекистонда. 2027 йилнинг 24-27 июнь кунлари Тошкентда Жаҳон психиатрлар ассоциациясининг конгресси ўтказилиши режалаштирилгани бундан далолат. Биз учун асосий натижа муассасалар ёки ўринлар сони эмас. Асосий мезон руҳий муаммоларни вақтида аниқлаш, профилактика қамровини кенгайтириш, даволашнинг узлуксизлигини таъминлаш ва инсоннинг ҳаёт сифатини яхшилашдир. Зеро, руҳий саломатликка эътибор инсон қадрига эътибордир.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА