Бугун бозорларимизда нима танқис?
Шу кунларда аксарият юртдошларимиз вақтини уйда, оиласи, яқинлари даврасида ўтказяпти.
Шу кунларда аксарият юртдошларимиз вақтини уйда, оиласи, яқинлари даврасида ўтказяпти. Бир гуруҳ фуқароларимиз эса масофадан туриб онлайн режимида фаолият юритишмоқда. Транспорт қатновлари чекланган. Бу ҳолат эса, табиийки, жойларда айрим турдаги маҳсулотлар нарх-навосига таъсир кўрсатяпти.
Шу сабабли Ўзбекистон истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳар куни ички бозорларда сотилаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматлар нархларини ўрганиб боряпти.
Хусусан, федерация ахборотига кўра, 31 март ҳолатига, Қорақалпоғистон Республикасида спиртли дезинфекцияловчи (антисептик) воситаларда тақчиллик мавжуд. Қораўзак, Чимбой, Нукус, Қонликўл, Беруний, Тўрткўл туманларида ҳалигача мазкур маҳсулотлар сотувда мавжуд эмас.
Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида эса саримсоқ пиёз карантингача бўлган даврдагидан ҳам қиммат, яъни 100 000 сўмдан сотилмоқда. Вилоят бозорларида картошка нархи ҳам сезиларли ошган.
Жиззах вилоятининг Зомин, Арнасой ва Янгиобод туманларидаги дорихоналарда ҳалигача тиббий ниқоб (маска)лар сотувида ижобий натижа йўқ. Мазкур ҳудудларда тиббий ниқоб (маска)лар танқислиги кузатиляпти.
Қашқадарё вилоятининг Китоб, Шаҳрисабз туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида тиббий ниқоб (маска) ва спиртли дезинфекцияловчи (антисептик) воситалар сотувда мавжуд эмас. Шунингдек, вилоят бозорларида маҳаллий олий навли ун савдода йўқлиги аниқланди.
Бинобарин, Тошкент шаҳрининг Учтепа ва Яшнобод туманларидаги дорихоналарда тиббий ниқоб (маска) ва спиртли дезинфекцияловчи (антисептик) воситалар бугунги кун ҳолатида сотувда мавжуд эмас. Шунингдек, шаҳар бозорларида “Элга хизмат” савдо растларида 1200 сўмдан картошка сотилиши таъминланмоқда. Аммо унинг сифати юзасидан истеъмолчилардан эътироз тушмоқда. Картошка жуда майда. Бозор ҳудудидаги асосий расталарда эса картошка мавжуд эмас. Ёки айрим тадбиркорлар томонидан яширин равишда, 7000 сўмгача бўлган нархда сотилмоқда. Шаҳарнинг баъзи озиқ-овқат дўконларида (массив ва даҳалар ичидаги) 1 килограмм картошка баҳоси 8000 сўм. Сабаби сўралганда, улар “Қўйлиқ бозоридан 5500 сўмдан улгуржи нархда сотиб олишганлигини маълум қилишган.
Шу сабабли арзонлаштирилган тартибда сотилаётган кўчма расталарни кўпайтириш, уларда сотилаётган картошка сифатини яхшилаш керак, деб хулоса қилади Ўзбекистон истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси.