Бугун ҳаётни қайта идрок этиш имкони бор
Дарҳақиқат, ана шундай чиқишларнинг бирида тўғри таъкидланганидек, “энди дунёмиз биз кўниккан кўринишда бўлмайди”.
Бугунги вазият бизнинг кундалик турмуш тарзимизга аввал кузатилмаган ўзгаришлар – карантин билан боғлиқ ҳолатларни жорий этган бўлса-да, бошқа томондан тафаккуримизнинг тиниқлашишига, ҳозирга қадар яшаган ва бундан кейин келажак кунларимизни жиддий таҳлилдан ўтказишга имкон ҳам яратди.
Ижтимоий тармоқларда юртимиз ва дунёда юз бераётган бирорта жиддий воқеа-ҳодиса, ўзгариш ва эврилишлар атрофлича таҳлилларсиз, эркин ҳамда қизғин муҳокамаларсиз қолмаяпти. Бу эса халқимизнинг мазкур воқеа-ҳодисалар хусусида кўпроқ, батафсилроқ, энг муҳими – тўғри ва асослантирилган маълумотлардан баҳраманд бўлишига йўл очяпти, кишиларимиз ўзининг юрт ва дунё тақдирига дахлдорлигини чуқурроқ англаб боряпти.
Дарҳақиқат, ана шундай чиқишларнинг бирида тўғри таъкидланганидек, “энди дунёмиз биз кўниккан кўринишда бўлмайди”.
Ҳозиргача ўрганиб қолганимиз – пандемиядан олдин кечган ҳаётимизнинг қатор манзаралари ҳам анча тиниб, равшанлашган хотирамизга қалқиб чиқмоқдаки, уларни жиддий таҳлил ва таҳрирдан ўтказмасликнинг иложи йўқ. Очиғи, бундай нохуш манзаралар саноғининг ўзига анчагина вақт ва жой керак бўлиши ҳам бор гап. Шу туфайли, бугун уларнинг айримларини эслаш билан кифояланамиз.
Азалдан жамиятнинг мустаҳкам таянчи бўлиб келган оилавий ҳаёт масалаларига беписанд қараш, оилавий можаро ва ажримларнинг ҳаддан зиёд кўпайиб кетгани мана шундай оғриқли нуқталаримиздан биридир. Айрим эр-хотинларнинг бир-бирига хиёнати, хуфиёна никоҳ ўқитиб яшашлар, куни кеча не-не аҳду паймон қилганларнинг арзимаган дунёвий матоҳлар учун ўзаро қирпичоқ бўлишлари, ўйламай-нетмай валжираётган оғиздан чиқиб кетган “талоқ”лар ва унинг оқибатида кун сайин сафи ўсиб борган жажжигина ўксик қалблар... Эр ўз хотинини, хотин эса эрини олдин ҳеч қачон кўрилмаган ваҳшийликлар билан ўлдиришлари...
Гоҳ онасининг, гоҳ синглисининг, айримлари эса ҳужраларда биқинган “устози комил”ининг, кўпчилиги ҳатто чойхонадаги маишатда ичиб олиб ақл ўргатган, аслида ўзи оддийгина фаросатдан бебаҳра ошнасининг гапига кириб гулдек хотинини кунора калтаклайдиган, шу билан эркаклигини “исботлаш”га уриниб юрган кимсалар қилмишидан жамиятимиз яна қанча азият чекиши керак?
Булар сиз-у бизни ўйлатиши керакми, йўқми? Ё яна ўша ҳолича, қандай бўлса шундайлигича давом этавериши лозимми? Кўп масалалар қатори бу борада ҳам, ниҳоят, ўзимизга келишимиз, қилмишларимизни қайта идрок этишимиз мавриди келгандир балки!?
Айтишларича, Хитойнинг карантиндан чиққан айрим ҳудудларида оилавий ажримлар ниҳоятда кўпайган эмиш. Балки шундайдир, бўлса бордир. Бинобарин, ҳамма жой ва халқнинг ўз эътиқоди, турмуш тарзи, яшашдан мақсад-муддаоси борки, уларга қозилик қилишга шахсан менда на-да имкон, на-да иштиёқ бор. Бироқ назаримизда, халқимиз, ўзбек жамияти бу борада бошқача – ижобий ўзгаришларни зиммамизга олиб чиқишимиз керак, ҳатто шарт ҳам!
Сиз-у бизнинг ўзаро талашаётган нарсаларимиз, ўзимизнинг ҳақлигимизни даъво қилиб келтираётган важларимиз ўртада жовдираб қолаётган норасидаларимизнинг кўзида илиниб турган бир томчи аччиқ ёшга арзийдими?!..
Иккинчи масала – Аллоҳ инъом этган неъматларнинг исрофи.
Биргина умр, вақт неъматини олайлик. Уни нималарга, не кору ҳолга сарфлаб адо қиламиз. Соатлаб телевизор қаршисида ёхуд ижтимоий тармоқларда ўтиришимиз, у ерларда кўриб, эшитаётганимиз ҳар жиҳатдан зарарли томоша ва “маълумот”лар, ишхона ёхуд маҳалла-кўйда “тилнинг чигилини ёзиш учун” қиладиган, аслида кони гуноҳ бўлган ғийбатбозликлар, деярли ҳар куни чиқиб турадиган, “бормасак ҳеч бўлмайди”ган меҳмондорчилиг-у тўй-маъракалар...
Умримизнинг асосий қисми совурилиб бораётган бу манзилларда балки қорнимиз, ёмон нафсимиз, баданимиз ва дийдамиз тўйиб-тўлиб бораётгандир, лекин қалбимиз-чи, руҳиятимиз-у иймонимиз-чи? Улар не кўйга тушмоқда, қанчалар қақшамоқда, қуриб, битиб бормоқда?
Нима қиламиз? Эртага – карантин бекор бўлгандан кейин ҳам бояги – бизни кутиб бўшаб қолган “нафсу аммора” манзилларини яна тўлдирамизми, бош-оёғимиз билан яна ўшалар оғушига ташланамизми? Умрнинг қолган қисмини ҳам шу кору ҳолга сарфлаб битирамизми?
Агар шундай қилсак, ким биздан рози бўлади-ю,бизни алқайди: Яратганми, ота-оналаримизми, миллатимизми ёки тарихми? Агар шундай қилсак, биз қачон одам, қачон халқ бўламиз? Келажак авлодлар бизга қандай баҳо беради? Умуман, бу авлодлар ҳам оқ-қоранинг фарқига борадиган, нимагадир баҳо бера оладиган даражада етилмоғининг кафолати ҳам бизнинг ўзимиз эмасми?..
Булар – ўртага қўйишгина осон бўлган саволлар, муаммолар. Уларга берилажак жавоблар эса осон эмаслигини ҳам ҳамма яхши билиб, идрок этиб турибди. Бироқ бу саволларга, албатта, жавоб берилиши керак, бошқа илож йўқ. Назаримда, мана шу жавобларнинг қандай бўлиши халқимизнинг, миллатимизнинг келажак ўн йилликлардаги, балки юз йилликлардаги аҳволини кўп жиҳатдан белгилаб беради.
Бугунги ҳолатдан мен ўзим учун муайян хулосаларни чиқаришга, ҳаётимнинг, ўй-фикрларимнинг, қарашларимнинг кўп жиҳатларини таҳрир қилишга мажбур бўлдим. Сизчи?
Гулнора НОСИРХЎЖАЕВА,
фалсафа фанлари номзоди.