Британия ва ЕИ мудофаани биргаликда молиялаштиради
Буюк Британия молия вазири Рейчел Ривз шу ҳафта Жанубий Африканинг Кейптаун шаҳрида бўлиб ўтадиган G20 йиғилишида Европа Иттифоқи вазирлари билан мудофаани молиялаштириш бўйича умумий келишувга эришиш масаласини муҳокама қилади, деб хабар тарқатди “Financial Times” Буюк Британия ғазначилигига таяниб.
Нашр Польша молия вазири Анжей Доманскийнинг сўзларидан иқтибос келтиришича, бу ташаббус жамғарма ёки банк, хусусан “қайта қуролланиш банки” ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Газетага берган интервьюсида у Лондон билан музокара бир неча ойдан бери давом этаётгани, Британиясиз Европа ҳимоясини “тасаввур қилиш қийин”лигини таъкидлаган.
Шунингдек, музокара ҳали дастлабки босқичда экани қўшимча қилинган.
Масаладан хабардор манба маълум қилишича, жамоавий мудофаа харажати ҳафта охирида Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен, Бирлашган Қироллик Бош вазири Кир Стармер ва Норвегия ҳукумати бошлиғи Йонас Гар Стёр иштирокида қизғин муҳокама қилинган.
Маълумки, АҚШ Президенти Дональд Трамп Европани НАТО мудофаа қобилиятига қўшаётган ҳиссаси камлиги учун доим танқид қилиб келади. Оқ уй раҳбари фикрича, Шимолий Атлантика альянсига аъзо давлатлар мудофаа харажатини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача ошириши керак.

Қолаверса, сўнгги кунларда Трамп Украина етакчисига қарши қатор хавотирли баёнотлар билан чиқди. Яъни, Владимир Зеленскийни “диктатор” деб атади ва сайлов ўтказишдан бош тортишда айблади.
Бундай кескин айблов ҳамда Россия – Украина қарама-қаршилигини тўхтатиш бўйича олиб борилаётган музокарада на Украина ва на ЕИ вакиллари иштирок этмаётгани кўҳна қитъа вакилларида Трампнинг сиёсати кўпроқ Россия манфаатига хизмат қилаётгандек тасаввур уйғотмоқда. Кутилганидек, АҚШ раҳбарининг бу ҳатти-ҳаракатига Буюк Британия, Франция ва Германия очиқ қарши. Шу боис кузатувчилар Европанинг етакчи давлатлари биргаликда умумий мудофаа харажатини шакллантириш ҳақида ўйлаётгани ҳам шундан, демоқда.
Яқинда Киэль жаҳон иқтисодиёти институти (IfW Kiel) “Bruegel” таҳлил компанияси билан ҳамкорликда ЕИ хавфсизлиги учун қанча аскар зарур бўлиши мумкинлигини ўрганиб, тегишли хулосани эълон қилди.
– Европа Иттифоқи хавфсизлигини АҚШ иштирокисиз таъминлаш учун 300 минг аскар сафарбар қилиниши ёки қўшимча 50 та бригада тузилиши керак, – деган экспертлар АҚШ мудофаа масаласида ЕИни қўллаб-қувватлашдан воз кечиши оқибатини таҳлил қиларкан.
Бундан ташқари камида 1400 танк, 2000 зирҳли транспортёр сотиб олиниши, йилига 2000 га яқин узоқ масофага учувчи дрон ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши лозим.
Натижада Иттифоқнинг қўшимча мудофаа харажати йилига камида 250 миллиард еврони ташкил этади. Бу ЯИМнинг тахминан 3,5-4 фоизига тўғри келади. Таъкидланишича, Германиянинг ҳозирги 80 миллиард евролик йиллик мудофаа харажати 140 миллиард еврогача ошади.
Умуман, ҳарбий мувофиқлаштириш ЕИнинг асосий муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Гап шундаки, Европа давлатлари қуролли кучлари Америка ҳарбийларидан фарқли ўлароқ, алоҳида мамлакатлар раҳбариятига бўйсунади.
Ўтган ҳафта Мюнхенда бўлиб ўтган хавфсизлик конференциясида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс НАТО Бош котиби Марк Рютте билан учрашувда Европа давлатлари мудофаа харажатини ошириш орқали иттифоқ доирасидаги юкни адолатлироқ тақсимлаш зарурлигини эслатган.
Бундан ташқари, Ғарб оммавий ахборот воситалари Трамп кўҳна қитъадаги АҚШ қўшинлари сонини камайтириш ниятидалиги ҳақида хабарлар тарқатди. Масалан, куни кеча Италиянинг ANSA ахборот агентлиги Европадаги дипломатик манбага таяниб, “АҚШ Европадан 20 000 аскарини олиб чиқмоқчи” деб ёзди.
– Америка қолган аскарлари учун ҳам Европа давлатларидан молиявий ёрдам олишни хоҳлайди, чунки бу аскарлар тўхтатувчи восита ва харажат фақат америкалик солиқ тўловчилар зиммасига тушиши мумкин эмас, – деган тегишли манба.
Оқ уй раҳбари бу фикрни ЕИ етакчилари билан учрашувларида изчиллик билан билдирган. Агар ушбу режа амалга ошса, қитъадаги Америка қўшини тахминан 20 фоиз қисқаради.
Дональд Трамп Президент лавозимига расман киришгандан кейин бир неча бор НАТО фаолиятидан норозилигини билдириб, агар европалик ҳамкорлар ўз хавфсизлиги учун кўпроқ молиявий жавобгарликни зиммасига олмаса, АҚШ ташкилотни тарк этиши мумкинлиги билан таҳдид қилган.
С.Раҳимов, ЎзА