Британия Саудияга қирувчи самолётлар юборади
Буюк Британия Яман хусийлари ҳужуми кучайиши ортидан Саудия Арабистонига қўшимча ҳарбий ёрдам кўрсатишини маълум қилди. Қироллик Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, “Typhoon” қирувчи самолётлари шаҳарлар ва муҳим инфратузилмани ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилиш учун махсус парвозлар амалга оширади.
Вазирлик самолётлар хусийларга қарши ҳужумда қатнашмаслиги, фақат мудофаа вазифасини бажаришини таъкидлади. Шунингдек, Британия Саудия ҳудудида ҳарбий юк ташиш учун RAF A400M транспорт самолёти ҳамда маҳаллий ҳарбийларга кўмаклашиш учун маслаҳатчилар ҳам юборади. Мудофаа вазири Уэс Стритинг хусийлар ҳужумини “ўта жирканч ва минтақавий хавфсизлик учун хатарли” дея ифодалади.
Сўнгги ҳафталарда хусийлар томонидан ракета ҳужуми кўпайгани айтилмоқда. Саудия Фуқаро авиацияси бош бошқармаси маълумотига кўра, шу ой бошида Ар-Риёддаги Шоҳ Холид халқаро аэропортига берилган зарба оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, 300 дан кўп одам жароҳатланган. Хусийлар июль ойида Саудияга нисбатан денгиз қамали эълон қилиши ва кемаларга ҳужумни кучайтириши минтақада кескинликни янада оширган.
Мусулмон Зиё, ЎзА