Бразилия Россиянинг “Sputnik V” вакцинасини рад этди
Бразилия Россияда ишлаб чиқарилган “Sputnik V” COVID-19 га қарши вакцинадан фойдаланмайдиган бўлди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги препарат тўғрисида етарли маълумотлар йўқлигини айтган.
Euronews берган маълумотда айтилишича, “Anvisa” соғлиқни назорат қилиш агентлиги вакцинанинг сифат назорати, хавфсизлиги ва самарадорлиги ҳақида маълумотлар берилмаганини маълум қилган. Шунинг учун, Бразилия ҳукумати препаратни мамлакат ҳудудига олиб кирмасликка қарор қилди.
Таъкидлаш керак, Бразилиянинг ўн тўртта штатида аллақачон “Sputnik V” импорти амалга оширилган. Қолаверса, текширув миссияси тадқиқот ўтказиш мақсадида Россияга жўнаб кетган эди. Бироқ, олимлар препаратни ишлаб чиқаришда биологик фармацевтика маҳсулотлари таркибини аниқлай олмаган.
Бразилия дунё бўйича COVID-19 энг кўп қайд этилган мамлакат сифатида АҚШдан кейинги ўринни эгаллаб турибди. Жонс Хопкинс университети берган статистикага кўра, Бразилияда 14,3 миллиондан ортиқ киши вирусга чалинган, 392 мингга яқин фуқаро вафот этган.