Бозорларда сархил маҳсулотлар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент шаҳар деҳқон бозорларини тартибга солиш, санитария ҳолатини яхшилаш, асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархини барқарор сақлашни таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар режаси асосида пойтахтимиз бозорларида Наврўз ярмаркалари давом этмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси, “Ўздонмаҳсулот”, “Ўзвиносаноат-холдинг” компаниялари тизимидаги корхоналар ҳамкорлигида ташкил этилган ярмаркаларда кундалик рўзғор учун керакли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини арзон нархларда харид қилиш мумкин.
– Деҳқон бозоримизга ўттизга яқин маҳаллий корхона ва ташкилот томонидан пешма-пеш маҳсулотлар етказиб берилмоқда, – дейди “Олой деҳқон бозори” директори ўринбосари Боймурод Мелиев. – Картошка, пиёз, сархил мевалар, колбаса маҳсулотлари, шарбатлар аҳолига манзур. Банк пластик карталари орқали савдо йўлга қўйилгани харидорларга қулайлик туғдирмоқда.
– Тез-тез бозорга тушиб тураман, – дейди харидор Лола Шодмонова. – Савдо ярмаркалари бозордаги тўкинликни янада ошириб, дармондориларга бой маҳсулотларни узлуксиз харид қилишимизда қўл келмоқда. Буларнинг барчаси халқимиз турмуш фаровонлигига хизмат қилаётир.
“Элга хизмат” шўъба корхоналари, фермерлар, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари ҳам ярмаркаларга муносиб ҳисса қўшмоқда.